Тозалик – мустаҳкам соғлик гаровидир
Қўлни ювиш – бир қарашда оддий ва эътибор қилинмайдиган жараён. Лекин қўлларимизни доимий равишда ювиб юриш орқали қанча микробу вируслардан ҳимояланар эканмиз. Мутахассисларнинг изоҳ беришича, юқумли касалликларнинг аксарияти қўлларни тоза ювмаслик ортидан организмга ўтади.
Бежизга қўлларни ювиш ҳақида гап бошламадик. Яқинда қабул қилинган давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонига мувофиқ мамлакатимизда жорий йилнинг 1 майидан аҳоли, айниқса, ёш авлод вакилларининг санитария-гигиена воситаларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган “Тоза қўллар” дастурини амалга ошириш борасида муҳим вазифалар белгилаб берилди ва бу ҳам бежизга эмас, албатта. Бинобарин, озодаликнинг саломатлик учун қанчалар муҳим эканлигини болаликданоқ сингдириб борилиши унинг кейинги ҳаётида ҳам алоҳида аҳамият касб этади.
Фармонга мувофиқ “Тоза қўллар” дастури бўйича барча соғлиқни сақлаш ва таълим муассасаларида қўл ювиш жойларини зарур санитария-гигиена воситалари билан таъминлаш ҳам кўзда тутилган. Биз мавзу юзасидан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Қашқадарё вилоят бошқармаси вакиллари билан биргаликда Қашқадарё вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳамда мактабгача таълим ташкилотларида бўлиб, айни жараёнлар билан яқиндан танишдик.
Дастлабки манзил Қашқадарё вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази бўлди. Мутахассислар иштирокида марказдаги бемор болалар ётиб даволанадиган палаталардаги гигиеник хоналарни кўздан кечирдик. Палаталар, ошхоналар, қабул бўлимлари, муолажа хоналаридаги қўл ювиш раковиналари, суюқ совунлар, антисептик воситалар, махсус халатлар, ниқоблар билан таъминланганлик ҳолатини текширдик.
[gallery-21879]
– Ҳозирги кунда болалар ўртасида кўпроқ касалликлар шахсий гигиенага риоя қилмаслик оқибатида юзага келмоқда, – дейди бош шифокор ўринбосари Улуғбек Раҳмонов. – Марказимизда 0 ёшдан 18 ёшгача бўлган болаларга тиббий хизмат кўрсатамиз. Мурожаат қилган беморлар билан бирга келувчилар учун оёқларига бахилла, бир марталик ниқоб, антисептик воситалар ташкил қилганмиз. Бундан ташқари, марказдаги 19 та бўлим ва палаталарнинг ҳар бири керакли гигиена воситалари билан таъминланган ва бу ишлар доимий назоратга олинган. Бемор болалар учун ҳар бир палатада қўл ювишда муҳим гигиеник воситалар мавжуд.
Албатта тозаликка эътибор мустаҳкам соғлик гаровидир. Аввало шахсий гигиена қоидаларига амал қилишни бола оиладан, ундан кейин боғчадан ўрганиши зарур. Шунда болада гигиеник иммунитет шаклланиб боради.
Кейинги манзил Қарши шаҳрида 16-давлат мактабгача таълим ташкилоти бўлди. 180 ўринга мўлжалланган мазкур мактабгача таълим ташкилотида ҳам тозалик масаласи биринчи ўринга қўйилган. Тарбиячининг саволларига бурро жавоб қайтараётган болажонлар учун гигиенага амал қилиш аслида кундалик одатга айланган. Боғчадаги кўникма эса уларга тозаликка риоя қилишнинг афзалликлари хусусидаги тушунчаларининг ортишига яқиндан кўмак бермоқда.
– Болаларни шахсий гигиенага амал қилиши аввало оиладан бошланади, – дейди 16-мактабгача таълим ташкилоти услубчиси Мадина Бобоқулова. – Овқатланишга ўтиришидан олдин қўлларини ювиб кейин дастурхонга ўтирадиган болалар кўп. Демак, уларнинг оиласида бунга амал қилинади. Боғчамизда ҳам шахсий гигиена қоидаларини болажонларга тўлиқ ўргатамиз. Тозаликка риоя қилиш, бу уларнинг соғлом бўлиб улғайишига хизмат қилади. Боғчамизда бунинг учун ҳамма шароитлар яратилган. Раковиналар, антисептик геллар, суюқ совун ва бошқалар билан тўлиқ таъминланган. Шунингдек, ота-оналарга ҳам бу борада доимий тавсияларимизни бериб борамиз.
Бундан ташқари, фармонда санитария-гигиена хоналарининг техник ҳолатини яхшилаш чоралари кўрилиши, барча қурилаётган янги муассасаларда эса улар биноларнинг ички қисмида жойлаштирилиши кераклиги ҳам акс этган бўлиб, бу борада зарур чора тадбирлар ишлаб чиқилмоқда, дейди масъуллар.
– Жорий йилги давлат дастурида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, даволаш профилактика муассасаларида, жумладан, амбулатор поликлиникалар ва вилоят ҳамда республика миқёсидаги барча шифохоналаримизда биринчи ўринда шахсий гигиенага риоя қилиш, асосан палаталарда, врачлар қабулхоналарида, муолажа ва боғлов хоналарида умуман барча жойларда шахсий гигиенага амал қилиш бўйича доимий ва тизимли равишда назорат ўтказиб бормоқдамиз, – дейди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Қашқадарё вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи Шаҳноза Қодирова. – Тиббиёт ходимлари, айниқса, болалар ўртасида шахсий гигиенага риоя қилиш бўйича жойларда доимий равишда тушунтириш ишлари, давра суҳбатлари ва тарғибот тадбирлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари, кичик тиббиёт ходимлари ўртасида санитар гигиеник ўқитиш ишлари ҳам йўлга қўйилган.
Албатта, гигиена қоидаларига риоя қилиш орқали оилангизни кўпгина касалликлардан ҳимоя қилишингиз ҳамда олдини олишингиз мумкин. Қолаверса, бир қараганда унчалик муҳим бўлмагандек кўринадиган оддий қоидалар кейинчалик турли касалликларни келтириб чиқарувчи микробларни бартараф этиш орқали, ҳар хил юқумли касалликларнинг бир одамдан бошқасига ўтишининг ҳам олдини олишини унутмаслик лозим.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари