Беларусда ўзбекистонлик тадбиркорларнинг чорвачилик комплекси очилди
Сўнги йилларда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда. Хусусан, Беларуснинг Минск вилоятида Тошкент вилоятининг «Maraqand Meat» корхонаси томонидан барпо этилган йирик чорвачилик мажмуасининг фаолият бошлаши бунинг яна бир исботи ҳисобланади.
Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги ахборот хизматининг маълумотига кўра, умумий қиймати 40 миллион АҚШ долларига тенг бўлган мазкур йирик чорвачилик комплексининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Икки вилоят раҳбарлари иштирокида очилган мазкур мажмуа 10 минг бош қорамолни парваришлашга мўлжалланган бўлиб, айни пайтда бу ерда 4,5 минг бош наслли қорамол парваришланмоқда.

Бу билан мамлакатимиз тадбиркорларнинг Беларусдаги чорвачилик лойиҳалари янада кенгаяётганлигини кўрсатмоқда.
Бугунги кунга қадар юртдошларимиз томонидан Беларус Республикасида 13 та лойиҳа доирасида қарийб 8 500 бош қорамолни парваришлаш йўлга қўйилган. Бу каби инвестиция лойиҳалари Ўзбекистон ва Беларус ўртасида чорвачилик соҳасидаги иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тадбиркорларнинг халқаро бозорлардаги иштирокини кенгайтириш ҳамда наслчилик ва замонавий чорвачилик тажрибаларини ўзаро алмашиш учун муҳим имкониятлар яратади.

Ҳозирда мавжуд комплекслар имкониятларидан самарали фойдаланиш, лойиҳалар кўламини кенгайтириш ва парваришланаётган қорамоллар сонини босқичма-босқич ошириш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Минск вилоятида «Maraqand Meat» чорвачилик мажмуасининг ишга туширилиши Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги иқтисодий интеграция нафақат қоғозда, балки амалда ҳам юксак натижалар бераётганини кўрсатди. Ушбу лойиҳа икки давлатнинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги тажриба ва имкониятларини бирлаштириб, агросаноат тармоғини ривожлантиришда хизмат қилди.
Гулноза Бобоева,ЎзА