Товуқ ёки тилла тухум ҳақида... (+видео)
Бельгия Бош вазири Барт де Вевер ўз чиқишида Европа Иттифоқидаги музлатилган Россия активларини “товуқ”, олинаётган фойдани эса “тилла тухум” деб атади. Ҳозиргача ЕИ фақат даромаддан фойдаланиб, асосий маблағ, яъни “тилла тухум” бераётган “товуқ”қа тегмаётган эди. Эндиликда кўҳна қитъа фақат тухумни эмас, товуқни ҳам ейишни истаяпти. Шундай вазиятда кичик қироллик ҳукумати раҳбари иттифоқчилар ўртасига бир савол ташлади: Товуқни есак, муаммо юзага келиб, тилла тухумдан маҳрум бўлмаймизми?
Демак, Бельгия РФ музлатилган активини ишлатиш билан турли хавф-хатарга дуч келинишидан чўчияпти. Бош вазир ҳамкорларни 140 миллиард еврони Украинага йўналтиришдан олдин ишончли кафолат олишга чақирди. Умуман, Еврокомиссия ишлаб чиққан бу таклиф Бельгияда қизғин муҳокама қилинишининг сабаби бор: бу давлатда “Euroclear” яъни, Россия Марказий банкининг Ғарбий иттифоқчилар томонидан музлатилган активи сақланадиган марказий депозитарий жойлашган. Шу билан бирга нотиқ АҚШ сиёсати ўзгарувчанлиги туфайли Киевга ёрдам бериш зарурлигини тан олди. Зеро, Президент Дональд Трамп Россия масаласини, негадир, фақат Европа муаммоси, деб ҳисоблай бошлади.
Айрим ҳисоб-китобларга кўра, 2026-2027 йилларда Украина бюджет танқислигини ёпиш учун 60 миллиард евро ва қурол-аслаҳа учун яна шунча маблағга муҳтож бўлади. Шу боис Бош вазир ЕИ олдида жиддий муаммолар турганини эслатди.
– Товуқни ҳозир еб қўядиган иштаҳангиз борлигини яхши тушунаман, – дея қўшимча қилди де Вевер. – Европанинг баъзи давлатлари Вашингтон чекинишидан сўнг “асосий тўловчи”га айланиб қолиши мумкин. Агар бирор кутилмаган ҳолат юз берса, зарарни қоплаш мажбурияти барчага тенг тақсимланиши назарда тутилмоқда.
Ҳозирча муҳокама босқичидаги режага кўра, “Euroclear” Россиянинг қолган нақд маблағини Еврокомиссияга ўтказади. Шундан кейин Украинага 140 миллиард евро кредит ажратилади. Бу маблағ белгиланган шарт асосида маълум вақт ичида бўлиб-бўлиб берилади. Кредит фақат РФ Украинага етказилган зарарни қоплашга рози бўлгандан кейин тўланиши таклиф этилади. Шу сабабли бу амалиётга “репарация кредити” номи берилган. Шундан сўнг Еврокомиссия маблағни “Euroclear” орқали Россияга қайтаради. Бинобарин, Кремль репарация тўлашга рози бўлиши эҳтимоли жуда кам. Шунинг учун бу режа амалда халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан давлат активини мусодара қилиш, яъни ҳукмсиз тортиб олиш сифатида қабул қилиниши мумкин. Кўпчилик қатори Бош вазир шундан хавотирда.
– Бу ердаги ҳеч ким, жумладан мен ҳам, бу пул Путинга қайтарилишини истамаймиз, ҳатто бир цент ҳам, – деди де Вевер йиғилган журналистларга. – Демак, муаммоларнинг олдини олиш учун бир неча ҳуқуқий-молиявий талаб бажарилиши керак.
У айниқса хавф-хатар юзага келган вазиятдаги тенг тақсимот масаласига алоҳида урғу берди. Масалан, Бельгия аҳолиси бор-йўғи 11 миллион кишидан иборат кичик давлат сифатида айни муаммо олдида ёлғиз қолиб кетмаслиги лозим. Германия, Франция, шунингдек Болтиқ бўйи ва Шимолий Европа давлатлари таклиф этилаётган янги лойиҳани қўллаб-қувватлаган.
– Ҳозир ўта нозик ишга киришяпмиз, – дея хулоса қилди у. – Балки бундан кейин йиллаб давом этадиган суд жараёнларига дуч келишимиз мумкин. Шунинг учун ҳар бир давлат ўз улушига яраша кафолат бериши керак. Режалаштирилаётган иш хавфли. Бундан барча бохабар бўлишини истайман. Нима бўлган тақдирда ва қаерга бораётганлигимиздан қатъи назар, биз бир қайиқдамиз.
Эътибор берсак, бу фикрлар Россия Президентининг хорижий компаниялар активини тезкор ҳолда миллийлаштириш тўғрисидаги фармонидан сўнг айтилмоқда. РФ етакчиси матбуот котиби Дмитрий Песков мазкур ғояни шундай шарҳлади:
– Россия мулкини ноқонуний олиб қўйиш режаси, содда қилиб айтганда, ўғирлик. Бунга алоқадор шахслар ва давлатлар жавобгарликка тортилади.
Чоршанба куни эса Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен жаноб Вевернинг хавотирли чиқишидан сўнг Бельгия бу масалада ёлғиз қолмаслигини таъкидлаб, хавотирни юмшатишга уринди.
Унинг фикрича, энг маъқул йўл ЕИ бюджети орқали кафолат бериш. Фақат бунинг учун 27 давлатнинг якдил розилиги талаб қилинади.
Бельгия Бош вазири эса иттифоқдаги 25 давлат қўллаб-қувватлагани билан, Венгрия ва Словакия қарши чиққанини ҳам билдирди. Шунингдек, у репарация кредити фақат Бельгиядаги музлатилган маблағ асосида шаклланишидан норозилик билдирди. Яъни, “РФ активи бошқа давлатларда ҳам музлатилган-ку”, дея Буюк Британия, Швейцария, АҚШ ва Японияни мисол келтирди.
Бундан маълум бўладики, “товуқ” яъни Россиянинг музлатилган активи бошқа давлатларда ҳам бор. Унда нима учун фақат Бельгиядаги ейилиши керак? Бош вазир Барт де Вевер айнан шуни тушунмаяпти.
Ҳар ҳолда Еврокомиссия вакили бу таклиф ҳали ишлаб чиқиш босқичида экани ва сиёсатчилар фикри инобатга олинишини билдириб, уни тинчлантириб қўйди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/WYAT7ZvC0sk?si=p0uj6ypYQLuLyWju" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА