Тошкентнинг яшиллик ва гўзаллик маскани
Табиатнинг ҳақиқий гўзаллигини тасвирлаб ёки фотосуратга муҳрлаб бўлмайди – уни фақат англаш ва ҳис этиш керак. Пойтахтимиз меҳмонлари ва аҳолисининг севимли масканига айланган, ҳақли равишда шаҳарнинг ўпкалари деб аталадиган Ф.Н. Русанов номидаги Тошкент Ботаника боғига ташриф буриб, шундай хулосага келиш мумкин.
Маълумки, Ботаника боғи Тошкентнинг жануби-шарқий қисмида жойлашган бўлиб, 65,5 гектар майдонга эга хос алоҳида экотизим ҳисобланади. Кўплаб турдаги ўсимликлар мавжуд бўлган ушбу боғ мамлакатимизнинг энг ноёб объектларидан бири ҳисобланади.
Тошкент Ботаника боғи МДҲ мамлакатлари ҳудудида майдонининг катталиги бўйича иккинчи ўринда туради. Унда 45 гектар майдон фақат дарахт ва бутазорлар, 5 гектар – манзарали кўчатхоналар ва 1 гектар майдон - тропик ва субтропик ўсимликлар генофонди учун ажратилган. Бундан ташқари, боғда иссиқхоналар ва 16 гектарли муҳофаза қилинадиган дарахтлар майдони ҳам бор.

Ботаника боғида 10 километрдан ортиқ асосий йўлаклар бор. 1200 квадрат майдонни эгаллаган 6 та блок, жумладан лаборатория корпуси, тропик ва субтропик ўсимликлар тўпламини ўз ичига олган иссиқхона, ҳатто қишда ҳам ям-яшил бўлиб туради.
Ҳозирги кунда ботаника боғида 3 та илмий лаборатория фаолият юритиб, бу ерда 20 нафар илмий ходим меҳнат қилмоқда. Фанлар академияси ва Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан бошқарув ва илмий ходимларнинг самарали ишлаши мунтазам мониторинг қилиб борилади.

Бу ерда ўсимликларнинг табиий популяциясига зарар етказмаган ҳолда, мамлакатимиз тиббиёт ва фармацевтика саноатини доривор ўсимликлар билан таъминлаш бўйича олиб борилган тадқиқотлар ўз самарасини берди. Манзарали ўсимликлар бўйича олиб борилган илмий изланишлар шаҳар ва боғларни ободонлаштириш, шаҳар инфратузилмаси ва экологик шароитларини яхшилашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ботаника боғи экспозицияларида ўстирилаётган маҳаллий ва импорт қилинган ўсимликлар ёшларни экологик тарбиялашда ўзига хос ўрин тутади.
Маълумотларга кўра, боғ участкаларида Европа ва Кавказ, Марказий ва Шарқий Осиё, Шимолий Америка флораси билан танишиш мумкин.
Манзарали ва мевали дарахтлар, турли резавор буталар, доривор ўсимликлар бўйича интродукция ишлари олиб борилмоқда. Кўкаламзорлаштириш учун лола дарахти, ленкоран акацияси, катта баргли липалар, Хитой тераги, пирамидали эман кўчатлари, кўп йиллик пиёзли ўсимликлар – лола, крокус, гиацинт, илдизпояли ўсимликлар – гулсапсар, пионгул, пахтагулининг 90 дан ортиқ турлари экилади.

Тошкент шаҳрини кўкаламзорлаштиришда Ботаника боғида дастлабки иқлимлаштиришдан ўтган тўқ сариқ маклюра, Виржиния қора арчаси, гледичия, ёввойи узум ҳамда эман, заранг ва қайин дарахтларининг айрим турларидан фаол фойдаланилмоқда. Хилопсис ва катальпа дурагайлари - Калифорнияда кенг етиштириладиган Тошкент хилокатальпаси олинди.
– Йигирма кунлардан сўнг бу ерда ўзига хос гўзаллик яшнайди, - дейди Тошкент Ботаника боғи директори Содиқжон Абдиназаров. – Гуллар очилиб, боғимиз янада гўзаллашади. Боғда қарийб 2400 турдаги ўсимликлар, минглаб турдаги дарахтлар, жумладан Марказий Осиёдаги энг баланд дарахт – қирқ метрдан ортиқ бўлган Америка секвойя дарахти бор.
Содиқжон ака мамнуният билан менга ўзбек-хитой пиёз боғини кўрсатади. Бу ерда ушбу ўсимликнинг 130 дан ортиқ тури етиштирилмоқда.
– Нима учун айнан пиёз боғи? – деб ҳайрон бўлиб сўрадим.
– Пиёз таркибидаги фитонцид ва бошқа элементлари борлиги туфайли у турли касалликларни даволашда самарали ҳисобланади, - деб жилмайиб жавоб берди Содиқжон Абдиназаров. – Одамлар бунга унчалик катта аҳамият бермайди, лекин ҳақиқатдан ҳам пиёз жуда фойдали ўсимлик.
Маълум бўлишича, дунёда пиёзнинг мингга яқин тури бор. Кўп мамлакатлар ўз ерларини пиёзнинг ватани деб тан олинишига даъвогарлик қилади. Айни пайтда тарихий маълумотларнинг гувоҳлик беришича, пиёз қадимдан Марказий Осиёда, жумладан Ўзбекистонда етиштирилган.
Тошкент Ботаника боғининг ҳудуди катталиги боис, уни бир кунда айланиш имконсиз. Мен ажойиб масканнинг яшиллик билан кўзни қувонтирадиган ва сайроқи қушлар овози эшитиладиган кичик бир қисминигина кўра олдим холос. Афсуски, шовқинли шаҳарда қушларнинг бундай сеҳрли сайрашини камдан-кам эшитиш мумкин... Тўсатдан дарахт шохлари қимирлаб, олмахонлар шохдан-шохга сакрай бошладилар... Афсуски, мен уларни мобиль телефонимнинг камерасига суратга олишга улгурмадим, улар мендан анча чаққон экан! Мана, гуллаётган магнолия… Мен уни кўриб ҳайратда қолдим.
Директорнинг сўзларига кўра, Ботаника боғида 20 дан ортиқ турдаги қушлар ҳамда бир неча сув ҳавзаларида балиқлар ва ғозлар ҳам бор.
Мен боғда ишлаётган ходимларни кузатдим. Улар худудни ободонлаштириш учун астойдил меҳнат қилишарди. Бундан ташқари, яқинда бу ерда лола боғи ҳам ташкил этилди, боғда ушбу ажойиб гулларнинг кўплаб турлари экилган.
Ҳақиқатан ҳам Тошкент Ботаника боғи пойтахтимизнинг ўпкалари ҳисобланади. Уни асраш –барчамизнинг муқаддас бурчимиздир!
Назокат Усмонова, ЎзА