Тошкентнинг доимий аҳолиси сони маълум қилинди
Бугунги кунда аҳолининг сони ва унинг ўсиш суръатлари узлуксиз равишда ортмоқда.
Пойтахтимизда доимий аҳоли сони 2022 йил 1 январь ҳолатига кўра 2860,5 минг кишини ташкил этиб, йил бошидан 166,1 минг кишига ёки 106,2 фоизга кўпайди. Шундан эркаклар сони 1402,1 минг кишини, аёллар сони эса 1458,4 минг кишини ташкил этади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар статистика бошқармаси маълум қилди.
Шаҳар ҳудудлари кесимида таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, 2022 йил 1 январь ҳолатига энг кўп аҳоли сони Олмазор туманида — 385,5 минг кишини (шаҳар аҳолиси сонидаги улуши 13,5 % ни) ва Юнусобод туманида — 358,9 минг кишини (12,5% ни ), аксинча энг кам аҳоли сони Яккасарой туманида —124,0 минг кишини (4,3 % ни) ва Бектемир туманида 48,9 минг киши (1,7 % )ни ташкил этган.
Шуни алоҳида айтиш жоизки, аҳолининг сони табиий кўпайиш кўрсаткичларидан ташқари миграция жараёнларига ҳам боғлиқ. 2021 йил январь-декабрь ойларида Тошкент шаҳар бўйича кўчиб келганлар сони 111,9 минг кишини, кўчиб кетганлар сони эса 73,7 минг кишини ташкил этди. Миграция салдоси 38,2 минг киши бўлиб, 2020 йилнинг мос даврида 71,7 минг киши бўлган.
ЎзА