Тошкентдан Чорвоққача пуллик йўл лойиҳаси кўриб чиқилди
Тошкент вилоят ҳокимининг ўринбосари Ш. Маҳмудов Қатарнинг "Protocol Capital Group" ва Жанубий Кореянинг "Korea Expressway Corporation" компаниялари вакиллари билан Тошкент–Чорвоқ пуллик автомобиль йўлини қуриш лойиҳаси юзасидан музокаралар олиб борди.
Учрашув давомида лойиҳа доирасидаги техник ва инвестициявий масалалар, йўл инфратузилмасини замонавий талаблар асосида ривожлантириш ҳамда ҳудуднинг транспорт салоҳиятини ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Маълум қилинишича, лойиҳа доирасида узунлиги 52 километр бўлган замонавий автомобиль йўлини қуриш режалаштирилган. Лойиҳани 3 йил давомида амалга ошириш кўзда тутилмоқда.
Мазкур йўл фойдаланишга топширилгач, Тошкент шаҳридан Чорвоқ сув омборигача бўлган масофани босиб ўтиш вақти ҳозирги 1 соату 20 дақиқадан 35 дақиқагача қисқариши мумкин. Бу эса аҳолининг ҳаракатланиш қулайлигини ошириш билан бирга, транспорт оқимини камайтириш ва йўллардаги тирбандликларнинг олдини олишга ҳам хизмат қилади. Сабаби йил сайин тоғли ҳудудлардаги туризм манзилларига қатнов ортиб боряпти.

Маълумки, Президентимиз жорий йўл 8 апрель куни Тошкент вилоятида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги ҳамда келгусидаги устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказган эди. Унда қисқа вақт ичида Бўстонлиқ туманидаги “Амирсой” қишки курорт мажмуаси ва “Белдерсой ресорт” маскани халқаро даражадаги туризм марказларига айлангани қайд этилган.
Шу туфайли мулоқотда мазкур лойиҳа Чорвоқ ҳудудининг туризм салоҳиятини янада ривожлантириш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш ҳамда хизмат кўрсатиш ва тадбиркорлик соҳаларини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
А. Мусаев, ЎзА