Тошкентда янги шаҳар кўчатхоналари барпо этилмоқда
Шу кунларда пойтахтимизда иқлим хусусиятлари ва барқарор кўкаламзорлаштиришга мос келадиган кўчат етиштириш замонавий тизимини яратиш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, хорижлик соҳа мутахассислари, илмий муассасалар ва хусусий сармоядорлар иштирокида янги шаҳар кўчатхоналари бозор тамойиллари асосида шакллантирилмоқда.

Ҳозирги босқичда бўлажак тармоқ тузилмаси яратилган, мақбул майдонлар аниқланган ва бирламчи технологик ечимлар ишлаб чиқилган. 2026 йил баҳорида ишга туширишнинг ташкилий жиҳатлари ва жадвалини аниқлаш давом этмоқда.
Бўлажак кўчатхоналар фаолиятининг асосий йўналишлари шаҳар муҳитига мослашган йирик ҳажмдаги дарахтларни етиштириш, чанг миқдорини самарали камайтирадиган ва ҳаво сифатини яхшилайдиган турларни саралашдан иборат.
Шунингдек, қурғоқчилик ва ҳарорат ўзгаришларига чидамли буталар ва кўп йиллик ўсимликларни етиштириш, Тошкент шароитига мослаштириш ва агротехниканинг илмий усулларини жорий этиш, ҳар бир кўчатнинг келиб чиқиши ҳақидаги маълумотларни яшил майдонларнинг рақамли рўйхатига киритиш ҳамда шаҳар ва хусусий сектор ўртасида кўкаламзорлаштириш соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш кўзда тутилган.
Тошкент шаҳар хокимлиги маълумотига кўра, ташкил этилаётган тармоқ пойтахт экологик стратегиясининг асосий бўғинига айланиб, ўсимликларни профессионал етиштириш, экиш ва узоқ муддатли парвариш қилишни ўз ичига олган барқарор тизимни таъминлайди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА