Тошкентда "UzEnergyExpo" ва "UzStroyExpo" халқаро кўргазмалари очилди
Бугун пойтахтимиздаги "Ўзэкспомарказ" миллий кўргазмалар мажмуасида энергетика ва қурилиш соҳаларига бағишланган "UzEnergyExpo - 2026" 20-халқаро кўргазмаси ҳамда "UzStroyExpo - 2026" 15-халқаро кўргазмаси ўз ишини бошлади.
"International Expo Group" МЧЖ томонидан ташкил этилган мазкур қўшма кўргазмаларда 12 та мамлакатдан 150 га яқин компания ва бренд иштирок этмоқда.
"UzEnergyExpo - 2026" кўргазмасида трансформаторлар ва тақсимлаш қурилмалари, назорат-ўлчов ускуналари, реле ҳимояси ва автоматика тизимлари, электр узатиш линиялари учун жиҳозлар, кабель ва сим маҳсулотлари намойиш этилмоқда. Шунингдек, қайта тикланувчи энергия манбалари, энергия самарадорлиги, ресурсларни тежаш, ёритиш техникаси ва LED технологияларига алоҳида эътибор қаратилган.
"Uzkabel" корхонаси маркетинг мутахассиси Зуҳриддин Нормуродовнинг айтишича, корхона кўргазмада сим ва кабель маҳсулотлари билан иштирок этмоқда. Компания янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, маҳсулотларига бўлган талабни ошириш ва янги таклифларни илгари суришни мақсад қилган.
–Бу кўргазмадан катта натижалар кутяпмиз. Сим ва кабель маҳсулотларимиз бўйича турли таклифларимиз бор. Компаниямиз Ўзбекистондаги етакчи корхоналардан бири ҳисобланади. Корхонамиз 1941 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. Ҳозирги кунда қарийб 3 минг турдаги сим ва кабель маҳсулотларини ишлаб чиқарамиз.
Бундан ташқари, гуруҳимиз таркибида Навоий шаҳрида жойлашган яна иккита корхона мавжуд бўлиб, уларда асосан юқори кучланишли сим ва кабеллар ишлаб чиқарилади. Маҳсулотларимизни ишлаб чиқаришда маҳаллий хомашёдан фойдаланамиз. Бу эса маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва ички бозор талабини қондиришда муҳим аҳамиятга эга, – деди у.
[gallery-32062]
"UzStroyExpo - 2026" кўргазмаси эса қурилиш ва пардозлаш материаллари, қурилиш техникаси ва ускуналари, иситиш тизимлари, вентиляция ва кондиционерлаш ускуналари, сув таъминоти, сувни тозалаш ҳамда сантехника маҳсулотларини қамраб олган.
"Полимертепло" гуруҳи тижорат департаменти йўналиш раҳбари Андрей Коренновнинг қайд этишича, компания Россияда иссиқлик ва иссиқ сув таъминоти тармоқлари учун эгилувчан, арматураланган полимер қувурларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Кўргазмада корхона ўз ишланмалари ва соҳадаги энг сўнгги технологияларини тақдим этмоқда.
–Биз иссиқ сув таъминоти ва юқори ҳароратли иссиқлик тармоқлари учун мўлжалланган полимер қувурларимизни намойиш этяпмиз. Компаниямиз ўтган йили ҳам ушбу кўргазмада иштирок этган. Ўшанда Тошкентдаги иссиқлик таъминоти ташкилоти вакилларига маҳсулотларимиз ва технологияларимиз ҳақида маълумот берганмиз. Ҳокимлик вакиллари ҳам ишланмаларимиз билан танишиб, уларга қизиқиш билдиришган.
Бироқ анъанавий технологиялардан янги ечимларга ўтиш муайян вақт талаб қилади. Кўпчилик ҳануз пўлат қувурлардан фойдаланишга ўрганган. Аммо бундай қувурлар коррозия таъсирида вақт ўтиши билан эскиради ва уларни алмаштириш зарурати туғилади. Полимер қувурлар эса анъанавий ечимларга муқобил бўлиб, иссиқлик тармоқларини модернизация қилишда муҳим имкониятлар яратади.
Қозоғистонда бу йўналишдаги ишларимиз яхши йўлга қўйилган. У ерда бир қатор давлат таъмирлаш дастурларида иштирок этяпмиз. Умид қиламизки, Ўзбекистонда ҳам ҳамкорлигимизни кенгайтириб, технологияларимизни жорий этиш бўйича ишларни давом эттирамиз, – деди А.Кореннов.
Таъкидлаш керакки, мазкур халқаро кўргазмалар энергетика ва қурилиш тармоқларидаги янги технологиялар, замонавий ечимлар ва маҳсулотлар билан танишиш, ишлаб чиқарувчилар ҳамда мутахассислар ўртасида ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш учун муҳим майдон вазифасини ўтамоқда.
Эслатиб ўтамиз, кўргазмалар 22 октябрь куни ўз ишини якунлайди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА