Минерал ресурслар: қидирув, технология ва инвестиция
Минерал ресурслар салоҳиятидан самарали фойдаланиш, янги конларни аниқлаш ва хомашёни юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотларга айлантириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан. Ушбу йўналишда илғор технологиялар ва инвестицияларни жалб қилиш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга.
Айнан шу масалалар Самарқанд шаҳрида ташкил этилган "C5+1" бизнес-форуми доирасидаги "Минерал ресурслар ва тоғ-кон саноати" мавзусидаги тармоқ сессиясида кўриб чиқилди. Мулоқотдан кўзланган мақсад Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ ўртасида тоғ-кон соҳасидаги ҳамкорлик имкониятларини кенгайтиришга қаратилди.
Сессияда Марказий Осиё давлатлари ва АҚШнинг давлат идоралари, халқаро молия институтлари, тоғ-кон ва технология компаниялари вакиллари, инвесторлар ҳамда соҳа мутахассислари қатнашди. Тадбир АҚШ Давлат котиби Марко Рубио бошчилигидаги Америка делегациясининг ташрифи доирасида ўтказилди.

Сессияни очиб берган Ўзбекистон Республикаси тоғ-кон саноати ва геология вазири Бобур Исломов мамлакатда тармоқни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, инвестициявий имкониятлар ва устувор йўналишлар ҳақида маълумот берди. У ер қаърига оид қонунчиликни такомиллаштириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва узоқ муддатли сармояларни жалб қилиш муҳимлигини таъкидлади.
Мулоқот давомида геология-қидирув ишларини кенгайтириш, янги конларни ўзлаштириш, мавжуд корхоналарни модернизация қилиш, стратегик минералларни қазиб олиш ва қайта ишлаш истиқболлари кўриб чиқилди. Шунингдек, қўшма корхоналар ташкил этиш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш, малакали кадрлар тайёрлаш ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш занжирларини шакллантиришга эътибор қаратилди.
Панель мунозарасида АҚШ ва Қозоғистоннинг тегишли ташкилотлари, халқаро компаниялар, таълим муассасалари ҳамда инвестиция тузилмалари вакиллари иштирок этиб, тоғ-кон саноатини ривожлантириш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш бўйича таклифларини билдирди.

Шунингдек, инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш, технологик ускуналар етказиб бериш ва Ўзбекистон корхоналари билан америкалик ҳамкорлар ўртасидаги амалий алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларига эътибор қаратилди.
Тармоқ сессиясидан сўнг бизнес ва давлат тузилмалари вакиллари иштирокида B2B ва G2B форматларида учрашувлар ташкил этилди. Уларда истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ва келгуси ҳамкорликнинг амалий йўналишлари юзасидан фикр алмашилди.
Вазирлик ахборот хизмати маълумотига кўра, "C5+1" бизнес-форуми рақамли технологиялар, таълим ва соғлиқни сақлаш, минерал ресурслар, энергетика ва транспорт инфратузилмаси, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик саноати, молия ҳамда инвестицияларга бағишланган қатор тармоқ сессияларини қамраб олди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА