Тошкентда Швейцария кунлари бўлиб ўтади
Швейцариянинг мамлакатимиздаги элчихонаси жорий йил 23-27 ноябрь кунлари Ўзбекистонда Швейцария кунлари ўтказилишини мамнуният билан эълон қилди. Икки давлат ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш, шунингдек маданият, санъат ва таълимни қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирлар Тошкентда учинчи бор, Европанинг ушбу мамлакатидан 30 га яқин компания иштирокида ўтади.
Анжуман “Tashkent City Mall” мажмуасида рассом Аннабель Шнайдернинг “Мен билан нафас ол” иммерсив бадиий инсталяцияси билан очилади. Илгари Нью-Йорк ва Барселонадаги дизайн ҳафталикларида тақдим этилган, 23-26 ноябрь кунлари бўлиб ўтадиган ушбу намойиш барқарор ҳаёт тарзига нисбатан ўзига хос бадиий қарашни ифодалаб, онгли ва барқарор ривожланишни англатади.
“Мен билан нафас ол” мусиқачи Люк Оже яратган овозли ландшафт билан бойитилган.

Шнайдер ишида ҳаво сифати ва Орол денгизи қуриши оқибати каби муҳим экологик муаммолар кўтарилгани Ўзбекистон учун алоҳида аҳамиятга эга. Бунда қадимий маданий анъаналар замонавий дизайн билан муваффақиятли уйғунлаштирилган, “Чопон уйи” (La Maison Du Tchapan) устахонаси томонидан яратилган ўзбек икати анъанавий нақши туширилган ўриндиқлар ҳам томошабин эътиборини тортади.
– Ушбу инсталляция, айниқса, экология муаммоси мавжуд ҳудудларда осойишта онларга нисбатан оммабоп эҳтиёжни қондиради, – дейди мутахассис Инесса Болтянская. – Мухлислар инклюзивлик, барқарорлик, эркинлик тамойилини мужассам этган, доимий ўзгарувчан маконнинг бир қисмига айланишлари мумкин. Ушбу “жонли” муҳит санъатнинг замонавий чақириқларга жавоб берувчи кучини эслатиб туради. Беш кун давомида барча хоҳловчиларни овоз терапияси сеанси, медитатив амалиёт, онг ва ички бирликка ҳисса қўшадиган иммерсив тажриба кутмоқда.

“Швейцария: Сифат, инновация, ишонч” кўргазмаси 26 ноябрь куни ишбилармон доиралар ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган семинар ва бизнес сессиялари билан давом этади. Бу йилги дастурдан сув ресурслари, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳалари, шунингдек шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш бўйича мавзулар ўрин олган. Европа давлати хусусий сектори – 20 га яқин компания вакиллари, ўз соҳалари бўйича жаҳон етакчилари республикамиз янада ривожланишини қўллаб-қувватлай оладиган қимматли тажриба ва ечимлар билан бўлишади.
“Hyatt Regency” меҳмонхонасида очиладиган “Оқимга қарши” кўргазмасида Швейцариянинг сув ресурсларини барқарор бошқаришга қўшган ҳиссаси намойиш этилади, Ўзбекистоннинг қишлоқ ва сув хўжалиги хавфсизлигини таъминлаш ҳамда Марказий Осиёдаги бошқа кенгроқ муаммоларни бартараф қилиш учун инновацион ечимлар таклиф қилинади.
Швейцария саноати аниқлик, сифат, инновация ва ишончлилик билан ажралиб туради. Ушбу мамлакат 13 йилдан буён дунёнинг энг инновацион мамлакатлари рейтингида биринчи ўринни эгаллаб келмоқда.
– Давлат хизмати ва инфратузилмага улкан маблағ киритаётган Ўзбекистон учун жадал ривожланиш жараёнида қисқа вақт ичида сезиларли ўзгаришлар талаб қилмайдиган ечимлар зарур, – дейди Швейцариянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Константин Оболенский. – Бу борада биз билан ҳамкорлик асқотиши мумкин.
Швейцария кунлари 27 ноябрь куни 13 етакчи хусусий мактаб иштирокидаги тадбир билан якунланади. Хусусий мактаблар ассоциацияси томонидан ташкил этилган махсус дастур доирасида ташриф буюрувчиларга таълим кўргазмаси, соҳага швейцарча ёндашув ҳақида маърузалар, “Colleège Champittet” халқаро мактаби директори Филипп де Короди ўтказадиган “Болалар онгига ўқиш завқини сингдириш ва гаджетга сарфланадиган вақтни камайтириш” мавзусидаги мунозара таклиф қилинади.
Шунингдек, Швейцария ва Ўзбекистонда таълимни ривожлантиришна қаратилган “Swiss Learning Excellence Award” мукофоти соҳибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтади.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА