Тошкентда ШҲТнинг хавф-хатарларга қарши курашиш бўйича универсал маркази ташкил этилади
Қуйи палата мажлисида “Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг хавфсизлигига таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашиш бўйича универсал марказ тўғрисидаги Битимни (Тяньцзинь, 2025 йил 1 сентябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
— Бугунги кунда дунёда кузатилаётган мураккаб геосиёсий вазият давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтиришни тақозо этмоқда, — деди депутат Гулчеҳра Тожибоева. — Шу нуқтаи назардан Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида хавфсизлик соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, замонавий таҳдидларга қарши биргаликда курашишнинг самарали механизмларини шакллантириш муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур Битимга мувофиқ, Тошкент шаҳрида ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси негизида Хавфсизликка таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашиш бўйича универсал марказни ташкил этиш назарда тутилмоқда. Унинг таркибига Ахборот хавфсизлиги маркази ҳамда Бишкек шаҳрида жойлашган Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашиш маркази киритилиши белгиланган.
Универсал марказ ШҲТга аъзо давлатларнинг ваколатли органлари ўртасида ахборот алмашинувини йўлга қўйиш, хавфсизликка таҳдидларни биргаликда таҳлил қилиш, қўшма тадбирлар ва амалий машғулотларни ташкил этиш, шунингдек, мутахассислар малакасини ошириш бўйича ҳамкорликни мувофиқлаштиришга хизмат қилади.
Битимда марказнинг ҳуқуқий мақоми, бошқарув тизими, молиялаштириш тартиби ҳамда аъзо давлатларнинг ваколатли органлари билан ўзаро ҳамкорлик механизмлари ҳам белгилаб берилган, — деди депутат.
Мажлисда таъкидланганидек, мазкур халқаро ҳужжатнинг ратификация қилиниши ШҲТ доирасида хавфсизлик соҳасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш, замонавий таҳдидларга тезкор ва мувофиқлаштирилган чоралар кўриш, минтақавий барқарорликни таъминлашда Ўзбекистоннинг иштирокини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
М.Комилова, ЎзА