Тошкентда ноқонуний иншоотлар бартараф этилмоқда
Бугунги кунда мамлакатимизда мулк ҳуқуқи дахлсизлигини кафолатлаш, соҳага оид ҳуқуқий тизимни такомиллаштириш, фуқароларнинг давлат органларига бўлган ишончини ошириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. Шу ўринда ердан фойдаланиш масалаларида қонунийликка риоя қилиш алоҳида эътиборга олинган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълумотларига кўра, Юнусобод туманидаги Биллур маҳалласи Рихсилий кўчасида жойлашган объектда 1,6 минг квадрат метр майдон ноқонуний эгалланиб, ҳеч қандай кадастр ҳужжатларисиз ва ер солиғи тўланмасдан тартибсиз савдо биноси қурилган. Ушбу бино ортидаги, айнан турар-жой бинолари рўпарасидаги ҳудуд эса спиртли ичимликлар истеъмол қилинадиган, ахлат тўпланадиган, антисанитария ҳукм сурадиган жойга айланган.

Қайд этилишича, суднинг 2022 йил 10 августдаги қарори билан тадбиркор – “Ясмин Голд Ауто“ МЧЖга қурилмани мустақил равишда демонтаж қилиш мажбурияти юклатилганига, бир неча бор ёзма огоҳлантирилишига қарамасдан, қарор ижросини таъминламаган. Ҳаттоки, савдо майдонини кенгайтиришни давом эттирди. Ҳозирда кадастр органлари, Мажбурий ижро бюроси ва ҳокимият томонидан тадбиркорга мустақил равишда демонтажни бошлаш, қурилиш чиқиндиларини олиб чиқиб кетиш ва ердан ноқонуний фойдалангани учун жарима тўлаш мажбурияти юклатилган.

Шунингдек, фақатгина Юнусобод туманининг ўзида 2024 йилда умумий майдони 5,3 гектар бўлган 355 та шундай объект аниқланган. Бу шунчаки рақамлар эмас – бу шаҳар ва қонуний тадбиркорликни ривожлантириш учун бой берилган имкониятлар, шунингдек, ҳуқуқий меъёрларнинг тўғридан-тўғри бузилишидир. Шу билан бирга, қонунчилик талаблари нафақат тижорат объектларига, балки турар-жой биноларига ҳам тааллуқлидир. Рухсат берувчи ҳужжатларсиз қурилган иншоотлар, уларнинг вазифаси ва майдонидан қатъи назар, демонтаж қилинади. Бундай хатоларга йўл қўйганлар учун ягона йўл – суд органларининг кўрсатмаларини бажариш орқали қоидабузарликни бартараф этиш мумкин.
Гулноза Бобоева, ЎзА