Тошкентда МДҲ ёш олимлари зилзила прогнозини ўрганмоқда(+видео)
Минтақада зилзила хавфини камайтириш учун кучлар бирлашди. Тошкентда МДҲнинг 9 давлатидан ёш олимлар сейсмик фаолликни баҳолаш ва прогноз қилишнинг замонавий усулларини ўзлаштирмоқда.
Тошкентда МДҲнинг 9 та давлати — Ўзбекистон, Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия ва Тожикистондан 40 дан ортиқ ёш мутахассис ва олимни бирлаштирган халқаро мактаб ўз ишини бошлади.
Тадбирнинг асосий эътибори — сейсмик хавфни баҳолаш ва зилзилаларни прогноз қилишнинг замонавий усулларини ўрганишга қаратилган.
Иштирокчилар сейсмологик сигналларни қайта ишлаш, рақамли маълумотларни таҳлил қилиш ва энг янги дастурий таъминотлар билан ишлаш кўникмаларини ўзлаштирмоқда.
Шунингдек, бино ва иншоотларга зилзиланинг сейсмик таъсирини аниқ ҳисоблаш учун компьютер технологиялари асосида амалий моделлаштириш усуллари ўрганилмоқда.
Ёш олимлар Тошкент сейсмология обсерваторияси ҳамда «Янгибозор» геофизика обсерваторияси фаолияти билан ҳам танишади.
Ташкилотчилар таъкидлаганидек, мазкур лойиҳа МДҲ ёш олимлари ўртасида профессионал алоқаларни мустаҳкамлаш, трансчегаравий ҳудудларда сейсмик фаолликни кузатишнинг ягона тизимини яратиш ва табиий офатлар хавфини камайтиришга қаратилган.
Мактаб давомида иштирокчилар соҳанинг етакчи академиклари ва халқаро экспертларидан маърузалар тинглаб, тажриба алмашади.
Моҳичеҳра Эшмирзаева, Ойбек Давронов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА