Натижалар таҳлил қилиниб, янги режалар белгиланди
Янги ўқув йили остонасида таълим тизимида эришилган натижаларни холис баҳолаш, мавжуд камчиликларга танқидий назар ташлаш, илғор тажрибаларни оммалаштириш ва келгуси вазифаларни аниқ белгилаб олиш муҳим. Сирдарё вилоятида ўтказилган V «Устозлар миллий форуми»да ана шу масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Сирдарё вилояти ҳокимлиги биносида «Сифатли таълим — Янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам пойдевори» шиори остида ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов, Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Наргиза Холбоева, таълим тизими ходимлари, олий ва ўрта махсус таълим муассасалари, Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, мактаб директорлари ҳамда педагоглар иштирок этишди.
Форумда аввало вилоятда таълим соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди. Айни пайтда ҳудудда 351 та умумтаълим мактаби ва 1179 та мактабгача таълим ташкилоти фаолият юритиб, уларда қарийб 13,5 минг нафар педагог меҳнат қилмоқда.
Мактабгача таълим қамровини кенгайтириш борасида ҳам муайян натижаларга эришилган. Вилоятдаги 3–7 ёшли 71 минг 164 нафар боланинг қарийб 85 фоизи мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган. 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлов тизимида қамров 95,2 фоизга етган. Жорий йилнинг ўзида 70 га яқин нодавлат мактабгача таълим ташкилоти иш бошлаб, 2700 та янги иш ўрни яратилган.
Бироқ форумда таъкидланганидек, таълимда миқдорий кўрсаткичларнинг ўзи кифоя эмас. Боланинг боғчага ёки мактабга қамраб олиниши билан бир қаторда, унга берилаётган таълимнинг мазмуни, тарбия сифати, мустақил фикрлаши ва қобилиятини ривожлантириш даражаси асосий мезон бўлиши лозим.
Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов форум иштирокчиларини мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги билан қутлар экан, янги ўқув йили олдидан натижаларни сарҳисоб қилиб, келгуси вазифаларни аниқ белгилаб олиш зарурлигини қайд этди.
— Бугун Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг муҳим йўналишларидан бири — таълим соҳасини ривожлантириш. Зеро, таълимга эътибор — келажакка эътибор. Шу боис ислоҳотларни изчил давом эттириш, устозлар билан очиқ мулоқот қилиш, уларни қийнаётган масалаларни биргаликда ҳал этиш ва энг муҳими, таълим сифатини оширишимиз шарт, — деди вилоят ҳокими.
Тадбирда янги ўқув йилига тайёргарлик, педагогларнинг касбий маҳоратини ошириш, замонавий ўқитиш методларини амалиётга жорий этиш, ўқувчилар билан индивидуал ишлаш ва иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
24–29 август кунлари вилоятнинг барча таълим муассасаларида шуъба йиғилишлари, семинар ва амалий машғулотлар ташкил этилмоқда. Туман ва шаҳарларда 3600 нафар педагог иштирокида ўтказилаётган мазкур тадбирларда янги ўқув йилида таълим самарадорлигини оширишнинг аниқ механизмлари муҳокама қилинмоқда.
Форум доирасида 12 та шуъбага бўлинган ҳолда 300 дан ортиқ умумтаълим мактаби директори учун ўқув-методик курслар ташкил этилди. Унда мактаб раҳбарларининг бошқарув салоҳиятини ошириш, жамоада соғлом муҳит яратиш, таълим натижаларини таҳлил қилиш ва самарадорликни таъминлаш бўйича тажриба алмашилди.
Сирдарё таълим тизимидаги ўзгаришлар, энг аввало, ўқувчиларнинг натижаларида акс этмоқда. Жорий йилда 6870 нафар битирувчи — умумий битирувчиларнинг 61 фоизи халқаро ва миллий сертификатларга эга бўлди. Таълим сифатидаги бу ўсишни 2024 йилдаги 717 нафар ва 2025 йилдаги 1917 нафарлик кўрсаткич билан таққослаганда, натижа салмоғи янада яққол намоён бўлади.
Олий таълимга қабул кўрсаткичларида ҳам ўсиш қайд этилди. 2025–2026 ўқув йилида 11 минг 264 нафар битирувчининг 3604 нафари, яъни 32 фоизи давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди. Кириш тестларида ўртача натижа 92 баллни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 14 баллга ошди.
[gallery-31085]
Эътиборлиси, жорий йилда 70 нафар битирувчи нуфузли олий таълим муассасаларига 100 фоизлик грант асосида қабул қилинган. Уларнинг 38 нафари хорижий олий таълим муассасаларида таҳсил олиш имкониятига эга бўлди.
Бундай ютуқларга мисоллар ҳам етарли. Гулистон туманидаги 1-мактаб битирувчиси Сардор Холйигитов АҚШдаги нуфузли университетлардан бирига грант асосида қабул қилиниб, 165 минг АҚШ доллари миқдорида грантни қўлга киритган. Гулистон шаҳридаги 5-мактаб битирувчиси Мирзараҳим Собиржонов эса АҚШнинг 11 та нуфузли университетидан таклиф олиб, умумий қиймати 1,5 миллион долларлик грант асосида ўқиш имкониятига эга бўлган.
Халқаро фан олимпиадаларида ҳам сирдарёлик ёшлар ўз салоҳиятини намоён этмоқда. 2026 йилда улар томонидан 13 та совринли ўрин қўлга киритилди. Ўтган йилда бу кўрсаткич 11 тани ташкил этган эди.
Хусусан, Хитойнинг Шанхай шаҳрида ўтказилган 67-халқаро математика олимпиадасида Янгиер шаҳридаги ихтисослаштирилган мактабнинг 10-синф ўқувчиси Достонбек Раҳмонқулов кумуш медаль, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг Гулистон филиали 11-синф ўқувчиси Азизбек Мамажонов бронза медаль билан тақдирланди.
Ўқитувчиларнинг касбий салоҳиятини юксалтириш борасидаги ишлар ҳам ўз самарасини бермоқда. 2026 йилда 3573 нафар педагог, яъни уларнинг 26,5 фоизи халқаро ва миллий сертификатларга эга бўлди. 2025 йилда бу кўрсаткич 2034 нафар ёки 15 фоиз эди.
Айниқса, инглиз тили фани ўқитувчиларининг 95 фоизи — 1231 нафардан 1176 нафари халқаро ёки миллий сертификатга эга бўлгани эътиборга молик. Ушбу кўрсаткич бўйича Сирдарё вилояти республикада биринчи ўринни эгаллади.
Педагогларнинг методик изланишлари ҳам рағбатлантирилмоқда. Жорий йилда 21 нафар ўқитувчининг методик ишланмаси республика миқёсида оммалаштирилди. Бу кўрсаткич 2025 йилда 5 нафарни ташкил этган. Асосий фан олимпиадаларининг республика босқичида ўқувчилар 3 та совринли ўринни қўлга киритишиб, вилоятнинг рейтингдаги мавқеи ўтган йилги 14-ўриндан 7-ўринга кўтарилишди.
Педагог меҳнатини муносиб рағбатлантириш ҳам таълим сифатига таъсир қилувчи муҳим омил сифатида қайд этилди. Айни пайтда вилоятда Вазир жамғармаси орқали ҳар ой 7 миллион сўмдан устама олаётган 46 нафар педагог бор. Минг доллардан ортиқ ойлик маош олаётган ўқитувчилар сони эса 305 нафарга етган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 2,5 баробар кўпдир.
Сайхунобод туманидаги 11-мактаб тарих фани ўқитувчиси Орзумурод Зариповнинг қарийб 2 минг доллар миқдорида ойлик маош олаётгани устознинг билими, малакаси ва меҳнатига берилган эътироф сифатида қайд этилди.
Шу билан бирга, бундай имкониятлар педагог ва мактаб раҳбарларидан янада юқори масъулият талаб қилиши таъкидланди.
— Рағбатнинг энг каттаси ўқувчининг билими ва ютуғида намоён бўлади. Шунинг учун мактаб директори ўзидан «Нега менинг мактабимда бундай натижа йўқ?» деган саволни сўраши керак. Мактабда соғлом муҳит бўлиши, малакали ва тоифали ўқитувчилар кўпайиши, битирувчилар юқори натижа кўрсатиши лозим. Ана шунда раҳбарнинг ҳам, устознинг ҳам меҳнати муносиб баҳоланади, — деди Эркинжон Турдимов.
Педагогларни баҳолашда адолат ва очиқликни таъминлаш мақсадида янги платформа ҳам ишга туширилди. Унинг яратилиши учун 217 миллион сўм маблағ ажратилган. Мазкур тизим ўқитувчилар меҳнатини баҳолаш ва рағбатлантириш жараёнида шаффофликни кучайтиришга хизмат қилиши кўзда тутилган.
Таълим сифати замонавий инфратузилмасиз тасаввур этилмайди. Шу боис кейинги йилларда таълим муассасаларини таъмирлаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва хавфсиз таълим муҳитини яратишга катта маблағ йўналтирилмоқда.
Ўтган ўқув йилида 117 та таълим ташкилотида, жорий йилда эса 64 та таълим муассасасида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Бунинг натижасида 22 минг 500 нафар ўқувчи замонавийлаштирилган мактабларда таълим олиш имкониятига эга бўлди. Мазкур мақсадлар учун Сирдарё вилоятига 1 триллион 264 миллиард сўм маблағ ажратилди.
Бундан ташқари, хорижий ва маҳаллий грантлар ҳисобидан 2 та мактаб ва 3 та давлат мактабгача таълим ташкилотига қарийб 11,5 миллиард сўм маблағ жалб қилиниб, энергия тежамкор тизимлар жорий этилди.
Сўнгги икки йилда «Ташаббусли бюджет» доирасида таълим муассасалари учун 68 миллиард сўм маблағ ажратилиб, уларнинг шароити ва моддий-техник базаси яхшиланди. Таълим муассасалари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 52 та умумтаълим мактаби замонавий видеокузатув камералари билан жиҳозланди. Ақлли ва смарт тизим асосида ишловчи камераларни ўрнатиш учун 5,3 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.
Форумда таълимни тараққий эттиришда инновация ва янгиликка интилиш муҳимлиги ҳам алоҳида таъкидланди. Замонавий дунёда рақобат тобора кучайиб бораётган бир шароитда ёшларга билим бериш билан бирга, уларда янгича фикрлаш, технологияларни ўзлаштириш ва мустақил қарор қабул қилиш кўникмаларини шакллантириш зарурлиги қайд этилди.
Шу нуқтаи назардан, таълим тизими олдидаги вазифа фақат бугунги натижаларни сақлаб қолиш эмас, балки эртанги рақобат муҳитига мос авлодни тарбиялашдан иборат.
Шу билан бирга, вилоятдаги барча мактабларда натижалар бир хил эмаслиги ҳам очиқ муҳокама қилинди. Хусусан, битирувчилари олий таълим муассасаларига қабул қилинмаган Боёвут туманидаги 32 ва 41-мактаблар, Оқолтин туманидаги 15-мактаб, Ховос туманидаги 20-мактаб, Сирдарё туманидаги 35-мактаб, шунингдек, олий таълимга кириш кўрсаткичи паст бўлган Мирзаобод туманидаги 17-мактаб, Ховос туманидаги 28-мактаб, Сайхунобод туманидаги 22 ва 30-мактаблар билан манзилли ишлашни кучайтириш вазифаси қўйилди.
— Бу мактабларни танқид қилиш учун эмас, балки уларга эътиборни кучайтириш ва натижани ўзгартириш учун очиқ айтяпман, — деди вилоят ҳокими.
Таълимда натижа фақат олимпиада ёки олий таълимга қабул билан ўлчанмаслиги, ёшларнинг маънавий тарбияси, одоб-ахлоқи ва ижтимоий масъулияти ҳам эътибор марказида бўлиши лозимлиги қайд этилди. Шу муносабат билан мактабларда ягона формага риоя этиш, одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилиш, иқтидорли ўқувчилар билан манзилли ишлаш, олимпиадаларга тайёргарликни кучайтириш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича ишларни тизимли давом эттириш вазифалари белгиланди.
Ўқувчиларнинг китобхонлик маданиятини юксалтириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва билдирган таклифларини инобатга олиш мақсадида Сирдарё вилояти ҳокимлиги томонидан 311 та мактабга 21 минг 770 нусха китоб совға қилинди. Мазкур ташаббус мактаб кутубхоналарининг китоб фондини бойитиш билан бирга, ўқувчиларнинг мутолаага қизиқишини янада ошириш, уларнинг дунёқараши ва мустақил фикрлаш қобилиятини ривожлантиришга хизмат қилади.
Форум доирасида устозлар ҳам ўзларини қизиқтираётган масалалар, мавжуд муаммолар ва таълим жараёнини такомиллаштириш бўйича таклифларини билдирди. Очиқ мулоқот шаклида ўтган муҳокамаларда педагогларни қўллаб-қувватлаш, методик ёрдамни кучайтириш ва таълим натижадорлигини ошириш бўйича фикр алмашилди.
Энг муҳими, форумда 2026–2027 ўқув йили учун аниқ вазифалар белгилаб олинди. Энди эътибор натижаларни рақамларда кўрсатишдан кўра, уларнинг мазмуни ва сифатини оширишга, ҳар бир ўқувчининг қобилиятини рўёбга чиқаришга, ҳар бир мактабнинг ўз имкониятидан тўлиқ фойдаланишига қаратилади.
Зеро, таълим соҳасидаги ҳар бир натижа ортида устознинг меҳнати, мактаб раҳбарининг масъулияти ва жамиятнинг келажакка муносабати мужассам. Бугунги эътибор ва яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиш эса эртанги натижаларни белгилайди.
Тадбир якунида таълим соҳасида самарали меҳнат қилиб келаётган бир гуруҳ устозлар вилоят ҳокимининг ташаккурномалари ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА