Тошкентда мамлакатнинг энг кучли полвонлари сараланмоқда
Тошкент шаҳридаги "Олимпия шаҳарчаси"да спорт курашлари бўйича катталар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати давом этмоқда. Мусобақанинг биринчи куни юнон-рум кураши бўйича бешта вазн тоифасида ғолиб ва совриндорлар аниқланди.
Жумладан, -55 килограмм вазн тоифасида Ихтиёр Ботиров финал босқичида Жасурбек Ортиқбоев устидан зафар қучиб, мамлакат чемпионига айланган бўлса, Жасурбек кумуш медаль билан тақдирланди. Шоирбек Ҳамиджонов бронза медалига сазовор бўлди.
Вазни 63 килограммгача бўлган Меҳрож Баҳромов сўнгги ҳал қилувчи финал беллашувида Алиёр Атабаевни мағлубиятга учратиб, олтин медални қўлга киритди. Уларга ярим финал босқичида имкониятни бой берган Сардор Холмурзаев ва Асилбек Ўзбеков бронза медалларига сазовор бўлди. -72 килограмм вазнда Илёс Абдиназаров олтин, Аҳмад Қодиров кумуш, Қувончбек Исмоилов ва Жавоҳир Пўлатов бронза медалларини қўлга киритди.
Шунингдек, чемпионатнинг -82 килограмм вазнида Бекмурод Рустамов, Самандар Бобоназаров, Жавоҳир Раҳимов ва Жаҳонгир Тилаболдиев шоҳсупага кўтарилди. 97 килограммгача вазн тоифасида Беҳруз Барноевга тенг келадигани топилмади. Ушбу вазндаги кумуш ва бронза медаллар Ботир Қандилов, Фахрикамол Комилжонов ва Муроджон Алимжоновга насиб этди.

Бугун Ўзбекистон чемпионати доирасида юнон-рум кураши бўйича беллашувлар давом этади. Унда полвонлар 60, 67, 77, 87 ва 130 килограмм вазн тоифаларида баҳс олиб боради. Эртага, 12 ноябрь куни аёллар кураши бўйича -50, -53, -55, -57, -59, -62, -65, -68, -72 ва -76 килограмм вазн тоифаларида ғолиблар аниқланади. Чемпионатнинг эркин кураш баҳслари 13-14 ноябрь куни бошланади. Беллашувлар 10 та вазн тоифаларида ўтказилади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА