Майк Баррел иштирокида ёшлар тенниси истиқболи муҳокама қилинди
Тошкент шаҳрида теннисни ривожлантириш бўйича халқаро эксперт Майк Баррел иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизда болалар ва ўсмирлар теннисини ривожлантириш, ёш спортчиларни тайёрлаш ҳамда мураббийлар салоҳиятини ошириш масалаларига эътибор қаратилди.
Анжуманда Майк Баррел халқаро тажрибаси билан ўртоқлашиб, болаларни теннисга кенг жалб этиш, уларнинг спортдаги ривожланиш босқичларини тўғри ташкил қилиш ва замонавий машғулот усулларини жорий этиш юзасидан ўз фикрларини билдирди. Шунингдек, ушбу йўналишларда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Халқаро эксперт Ўзбекистон теннис федерацияси раиси Ботир Раҳимов ва федерация бош котиби Сардор Камилов билан ҳам учрашди. Мулоқотда Осиё теннис федерацияси вакили Айя Оспанова ҳам иштирок этди.
Учрашувда болалар ва ўсмирлар теннисини ривожлантириш, истиқболли спортчиларни саралаш ва тайёрлаш, мураббийлар малакасини ошириш масалалари билан бир қаторда Республика олимпия захиралари теннис мактабини миллий теннис маркази сифатида ривожлантириш истиқболлари ҳам кўриб чиқилди.
Таъкидлаш жоизки, бундай ҳамкорлик алоқалари теннис мактабларида тайёргарлик жараёнини такомиллаштириш, ёш иқтидорларни эрта аниқлаш ва миллий теннис захирасини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА