Тошкентда илмий мерос ва замонавий ёндашув мавзуси муҳокама қилинди
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Ислом цивилизациясида илмий анъана: манбалар, долзарб масалалар ва салоҳият” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Фан, таълим ва маданий мулоқот соҳасида муҳим халқаро майдонга айланган тадбир мамлакатимизда цивилизациялар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш, илм-фан ва маърифатни қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат сиёсати билан ҳамоҳанг тарзда кечди. Шу билан бирга анжуман Малайзиянинг илмий дипломатия ва гуманитар ҳамкорлик йўналишидаги фаол ёндашувини ҳам акс эттирди.
Конференцияда давлат идоралари вакиллари, олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказлари раҳбарлари, етакчи олимлар, экспертлар, шунингдек турли мамлакатлардан 300 га яқин мутахассис тўпланди.
Иштирокчилар ислом илмий меросини ўрганишга замонавий ёндашув мавзусини таҳлил қилиш, шунингдек мусулмон олимларининг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасини холис баҳолаш имконига эга бўлдилар.
[gallery-29217]
Анжуманда маъруза билан қатнашган Малайзия Қироличаси Ража Зарит София, жумладан, Самарқанд ва Бухоронинг меъморий гўзаллиги, илмий анъаналари билан жаҳон цивилизациясида тутган ўрнига алоҳида тўхталиб, Муҳаммад ал-Бухорий, Имом Мотуридий ва Абу Райҳон Беруний каби алломалар мероси бугун ҳам чексиз эҳтиром билан тилга олинишини таъкидлади.
Ҳазрати Олияларининг фикрича, илмий анъана фақат алоҳида шахс ёки манба билан чекланмайди, балки жамиятда билимга нисбатан муносабат, жараённинг узвий давомийлиги ва инсон манфаатига хизмат қилиши каби омиллар билан ҳам чамбарчас боғлиқ.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов Ўзбекистон ва Малайзия ўртасидаги муносабат изчил ривожланиб бораётганини қайд этиб,ушбу ҳамкор давлатнинг исломий молия, ҳалол саноат ва замонавий таълим соҳасидаги ютуқлари алоҳида аҳамият касб этишини қўшимча қилди.
Дастуридан ялпи мажлис, илмий маърузалар, уч шўъба йиғилиши, экспертлар учрашуви ҳамда икки томонлама музокара ҳам ўрин олган анжуман доирасида Малайзия технология университети билан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, шунингдек қатор маҳаллий илмий-таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Ҳамкор мамлакат делегацияси томонидан “Nasyrul Qur’an” марказида 20 000 нусхада чоп этилган Қуръони карим намунаси Ўзбекистоннинг “Вақф” хайрия жамоат фондига ҳадя қилиш ташаббуси илгари сурилди.
Дилшод Ҳакимов, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА