Миллий қадриятлар ва халқаро тажриба: санъат ривожида илмий ҳамкорликнинг аҳамияти
Бугун пойтахтимиздаги Ўзбекистон давлат хореография академиясида “Янги Ўзбекистонда маданият ва санъат тараққиётининг устувор йўналишлари: илмий-амалий изланишлар” мавзусида халқаро илмий семинар бўлиб ўтди. Эътиборлиси, ушбу анжуман маданият ва санъат соҳасидаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш, илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда халқаро тажриба алмашиш учун муҳим майдон бўлди.
Дастлаб, мазкур йиғинни ЎзДХА академияси ректори, профессор Шуҳрат Тўхтасимов кириш сўзи билан очиб, диёримизда маданият ва санъат соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, хореография санъатини ривожлантириш, миллий меросни асраб-авайлаш ва уни замонавий талқинда намоён этиш борасидаги устувор вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтди. Шунингдек, у халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантиришнинг долзарб аҳамияти хусусида сўз юритди.
Ҳиндистондаги Жавоҳарлаъл Неру университети Форс ва Марказий Осиё тадқиқотлари маркази раҳбари, профессор Аҳмад Ахлоқ Аҳан “Заҳириддин Муҳаммад Бобур – улуғ мутафаккир, буюк санъатшунос” номли маърузасида Бобурнинг нафақат давлат арбоби ва шоир, балки нозик дидли санъатшунос сифатидаги қирраларини илмий асосда ёритиб берди. У Бобурнинг адабий ва маданий мероси Шарқ ва Ғарб тамаддунини боғловчи муҳим кўприк эканини таъкидлади.
Семинарда онлайн тарзда иштирок этган Туркиянинг Нейде университети профессори Мустафо Қўрқмас “Турк ва ўзбек рақс санъатининг тарихий илдизлари” мавзусидаги маърузасида икки халқ рақс анъаналарининг муштарак жиҳатлари, уларнинг қадимий манбалари ва замонавий ривожланиш тенденцияларини қиёсий таҳлил қилди.
Мисрнинг Александрия университети профессори Манара Элдиеп “Миср – Ўзбекистон илмий-маданий ҳамкорлиги” мавзусида сўз юритиб, мамлакатларимиз ўртасидаги маданий алоқаларнинг тарихий илдизлари ва бугунги кундаги истиқболли йўналишлар ҳақида фикр билдирди. У шунингдек, келгусида қўшма лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш муҳимлигини қайд этди.
Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Матёқубова “Авесто” “гоҳ”лари ва “лазги” рақс туркумининг ҳамоҳанглиги ҳақида йиғилганларга атрофлича маълумот бериб, миллий рақс санъатининг илдизлари қадимий маънавий манбаларга бориб тақалишини тилга олди. Рақс ва мусиқанинг уйғунлиги орқали халқнинг руҳий олами ифода этилишини мисоллар билан кўрсатди.
Айниқса, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти доценти Азиз Ражабийнинг Юнус Ражабий ижодининг миллий мусиқа санъатидаги ўрни ва аҳамияти хусусидаги таҳлили иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
– Бугунги глобаллашув даврида миллий маданиятни асраб қолиш билан бирга, уни халқаро миқёсда тарғиб этиш ниҳоятда муҳим, -деди филология фанлари доктори, профессор Ҳулкар Ҳамроева ЎзА мухбирига берган интервьюсида. – Мазкур семинар шу жиҳатдан катта аҳамиятга эга бўлди. Бундай тадбирлар аввало, илм-фан ва санъат ўртасидаги узвий боғлиқликни мустаҳкамлайди. Қолаверса, семинарда жуда ўринли ва долзарб мавзулар кўтарилди. Зеро, миллий рақс, мусиқа ва адабий меросни илмий жиҳатдан ўрганиш, уларни замонавий ёндашувлар асосида талқин қилиш бугунги куннинг талабидир. Илмий ва маданий ҳамкорликни ривожлантириш орқали биз ўз маданиятимизни дунёга танитамиз, шу билан бирга, бошқа халқларнинг илғор тажрибасини ўрганамиз. Бугунги семинар ана шу мулоқот ва тажриба алмашинуви учун самарали платформа бўлди, деб ўйлайман.
Шунингдек, анжуманда Андижон давлат педагогика институти ҳамда Қозоғистоннинг Жумабек Ташенов номидаги университети вакиллари ҳам онлайн тарзда иштирок этиб, ўз маърузалари ва фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
Мазкур халқаро илмий семинар давомида билдирилган фикр ва таклифлар маданият ва санъат соҳасидаги илмий-амалий изланишларни янада ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда миллий меросни асраб-авайлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Ў.Алимов, ЎзА