Тошкентда икки фуқаро марҳум яқинларидан қолган қуролларни ихтиёрий равишда топширди
Жорий йилнинг 1 июлидан республика миқёсида ўтказилаётган “Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирларнинг II-босқичи доирасида Давлат хавфсизлик хизмати томонидан ўқотар қуролларнинг ноқонуний муомаласининг олдини олишга қаратилган тезкор-қидирув тадбири ўтказилди.
Натижада, Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида яшовчи 1981 й.т. фуқаро марҳум отаси алоҳида истиқомат қилган хонадонда аниқланган 1 дона винтовка, 19 дона ўқотар ов қуроллари, 13 дона ствол ва колодкалар, 117 дона ўқ-дорилар ҳамда бошқа иккиламчи эҳтиёт қисмларни ўз ихтиёри билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширди.
ДХХ ва ИИВнинг пойтахт бошқармалари ҳамкорлигида ташкил этилган бошқа тадбирда эса Миробод туманида яшовчи 1960 й.т. аёл ҳам марҳум турмуш ўртоғига тегишли бўлган 2 дона ўқотар ов қуроли ва 181 дона ўқ-дориларни ихтиёрий равишда топширди.
Ҳурматли фуқаролар амалдаги қонунчиликка мувофиқ, ўқотар қурол ва ўқ-дорилар ҳамда портловчи моддаларни ўз ихтиёри билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширган шахс жавобгарликдан озод қилинади.
ЎзА