Қизилқум жозибаси
ФОТОРЕПОРТАЖ
Қизилқум чўли Марказий Осиёдаги йирик чўл ҳудудларидан бири бўлиб, унинг муайян қисми Навоий вилояти ҳудудида жойлашган. У ўзига хос табиати ва бетакрор манзаралари билан ажралиб туради. Чўлнинг асосий қисмини баланд ва ўртача текисликдаги қумликлар ташкил этади. Қизилқум иқлими кескин континентал бўлиб, қиши совуқ, ёзи эса иссиқ, қуёшли ва қуруқ келади.
Бепоён саҳро бағри бўйлаб йўл босар экансиз, турли ҳудудларда қад ростлаган баланд қумтепаликлар кўзга ташланади. Айниқса, қуёш ботиш паллаларида бу манзаралар янада ўзига хос тароват ва жозиба касб этади.
Чўл ҳудудида саксовул, қуёнсуяк, қум акацияси, селин, каврак ва юлғун каби қурғоқчиликка чидамли ўсимликлар ўсади. Шунингдек, бу ерларда чўл мушуги, бўри, тулки, кийик, қуён, тошбақа, чаён, қум сичқони, калтакесак ва илонлар каби жониворларни ҳам учратиш мумкин.
[gallery-30271]
Айни пайтда Қизилқум сайёҳлар эътиборини тортаётган ҳудудлардан бирига айланган. Бу ерга ташриф буюрувчилар кенг саҳро бағрида табиатни яқиндан ҳис этиш, унинг ўзига хос оламини кашф этиш имконига эга. Кўллар атрофида барпо этилган ўтов-оромгоҳлар эса саёҳат ва ҳордиқ чиқариш учун қулай шароит яратмоқда.
Мутахассислар таъкидлашича, саҳро бағри инсонга нафақат табиат гўзаллигини ҳис этиш, балки қалбан сокинлик топиш ва ўзини англаш имконини ҳам беради.
Сирож АСЛОНОВ (сурат), ЎзА