Тошкентда “Franklin Templeton” офиси очилади
Президентимизнинг жорий йил январь ойида Сингапурга давлат ташрифи давомида “Franklin Templeton” инвестиция компанияси билан муҳим келишувга эришилган эди. Жумладан, ушбу компания Ўзбекистонда давлат улушидаги корхоналарнинг активини бошқариши, акцияларини халқаро фонд бозорида оммавий жойлаштириш жараёнини ташкил этишга кўмаклашиши белгиланган.
Шу кунларда “Franklin Templeton” компаниясининг Сингапурда жойлашган минтақавий офиси раҳбарияти мамлакатимиздаги давлат улушидаги компанияларни батафсил ўрганиш мақсадида юртимизда бўлиб турибди.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан ташкил этилган давра суҳбатида мазкур хорижий корхона вакиллари ҳамда вазирлик, идоралар ҳамда давлат улушига эга компаниялар раҳбарлари иштирок этди.
Тадбирда “Franklin Templeton” компанияси фаолияти юзасидан маълумот тақдим этилди, ушбу йирик жамоа билан ҳамкорликнинг аҳамияти таъкидланди.
[gallery-11212]
Компания вакилларига мамлакатимиздаги макроиқтисодий шароитлар ҳақида сўзлаб берилди. Меҳмонлар эса компания хусусийлаштириш борасида хорижий давлатларда амалга оширган муваффақиятли лойиҳалар хусусида тўхталиб ўтишди, тўпланган илғор тажриба билан ўртоқлашишди. Халқаро молиявий бозорга чиқиш, хорижий инвесторларни жалб этиш юзасидан ўз хизматини таклиф қилди.
Шунингдек, давлат улушига эга компаниялар вакиллари мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
– Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан хусусийлаштириш жараёнига, яъни давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини камайтириш, хусусий мулкдорлар ва хорижий инвесторлар сафини кенгайтириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, – деди вазирлик департаменти директори Акром Алиев. – Қайд этиш ўринли, жорий йил 24 мартда давлат активини бошқариш бўйича янги хусусийлаштириш дастури тасдиқланди. Ҳужжатда уч йўналиш – акция сотиш, кўчмас мулк ва IPО ташкил этиш фаолияти белгиланди.
Тадбир якунида Тошкент шаҳрида “Franklin Templeton” компанияси офисини очиш, шунингдек, миллий инвестиция фондини ташкил этиш бўйича ишни фаоллаштиришга келишиб олинди.
Ҳозир “Franklin Templeton” янги ташкил этилган фондга киритилиши таклиф этилаётган йирик давлат компаниялари фаолиятини ўрганмоқда. Трансформация ва қайта қуриш жараёни самарадорлигини таъминлаш учун Сингапур компанияси Ўзбекистонга юқори малакали мутахассисларни юбориши бўйича ҳам келишувга эришилди.
1947 йил Нью-Йоркда ташкил этилган глобал инвестиция компанияси - “Franklin Templeton” капитал ва активларни бошқариш йўналишида фаолият олиб боради. 30 мамлакатда 100 дан ортиқ офисга эга ушбу компания томонидан бошқариладиган активларнинг умумий қиймати 1.4 триллион доллардан ошади.
Гўзал Сатторова,
Даврон Эрназаров (сурат),
ЎзА