Тошкентда эвакуациянинг янги тартиби жорий этилмоқда
Пойтахтимизда жорий йил 24 декабрдан автомобилларни эвакуация қилиш ва жарима майдончаларида сақлаш тартибини ўзгартириш кўзда тутилмоқда.
Энг муҳими, агар автомобиль эгаси машина эвакуаторга юкланишидан олдин қайтиб келиб, қоидабузарликни бартараф этишга улгурса, уни олиб кетишнинг олдини олиши мумкин. Аммо юклаш бошланганидан кейин вазият ўзгаради. Сақлаш пули автомобиль эвакуаторга юкланган вақтдан бошлаб ҳисобланади. Автомобилни қайтариш электрон тизимда шакллантирилган QR-кодли рухсатнома асосида амалга оширилади.
Ҳукуматнинг “Тошкент шаҳрида қонунчилик ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини вақтинча сақлаб туриш жойларига олиб келиш, жойлаштириш ва сақлаш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорида бир қатор чора-тадбирлар белгилаб берилган.
Тошкент шаҳри учун белгиланган энг юқори тарифлар эвакуация — ҳар бир километр учун 88 000 сўмгача, бироқ жами 1 миллион 760 минг сўмдан ошмайдиган тартибда белгиланган. Жарима майдончасида сақлаб туриш — ҳар бир сутка учун 88 000 сўмгача, 3 км эвакуация ва 3 сутка сақлаб туришнинг ўзи 528 минг сўмга тушади. Бунга қоидабузарлик учун солинадиган жарима ҳам қўшилади.
Автомобилни тротуарга, яшил ҳудудга ёки автобус бекатига қўйиш баъзи ҳайдовчилар учун оддий қулайликдек туюлиши мумкин. Ҳар биримиз гоҳ ҳайдовчи, гоҳ пиёда бўламиз. Автомобиль сотиб олиш — шахсий танлов. Тротуар, майсазор ва бекат эса — умумий фойдаланишдаги ҳудуд.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА