Иқтисодий тараққиётнинг муҳим омили
Бугун ёшларга нафақат билим ва касб-ҳунар бериш, балки уларнинг ўз бизнесини йўлга қўйиши, ташаббусларини рўёбга чиқариши ва иқтисодиётда муносиб ўрин эгаллаши учун имконият яратиш муҳим вазифалардан бирига айланмоқда. Зеро, тадбиркорликка кириб келаётган ҳар бир ёш — янги иш ўрни, янги маҳсулот ва ҳудуд иқтисодиётига қўшилаётган қўшимча қиймат демакдир.
Давлатимиз раҳбари томонидан ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, бизнес бошлаш истагидаги йигит-қизларга зарур шароит ва имкониятлар яратишга қаратилаётган алоҳида эътибор ҳам ана шу мақсадга хизмат қилмоқда. Бухоро вилоятида бу борадаги ишлар изчил давом эттирилиб, ёш ишбилармонларнинг муаммоларини бевосита ўрганиш ва уларга амалий ечим топишга устувор аҳамият берилмоқда. Шу мақсадда вилоят ҳокими Ботир Зарипов ёш тадбиркорлар ҳамда ўз бизнес лойиҳаларини амалга ошириш истагидаги ташаббускор йигит-қизлар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Учрашувда турли ҳудудларда фаолият юритаётган ёш ишбилармонлар ўз тажрибалари, истиқболдаги режалари, янги лойиҳалари ва тадбиркорлик жараёнида дуч келаётган муаммолар ҳақида сўз юритишди. Айримлари мавжуд корхоналар фаолиятини кенгайтириш, маҳсулот турларини кўпайтириш ва ишлаб чиқариш қувватларини ошириш бўйича таклифларини билдирган бўлса, бизнес бошлаш ниятидаги ёшлар ўз ғояларини ҳаётга татбиқ этиш учун зарур кўмак масалаларини кўтарди.
Мулоқотда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида янги лойиҳаларни йўлга қўйиш, замонавий технологияларни жорий этиш, маҳаллий маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини кенгайтириш каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Айниқса, ўз бизнесини бошлаш истагидаги ёшларни молиявий қўллаб-қувватлаш, имтиёзли кредит ва субсидиялардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, лойиҳалар учун ер майдонлари ҳамда бино-иншоотлар ажратиш, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.


Вилоят ҳокими ёшларнинг ҳар бир таклиф ва мурожаатини диққат билан тинглаб, кўтарилган муаммоларни тегишли мутасаддилар иштирокида ўрганиш, уларнинг қонуний ечимини топиш бўйича зарур вазифаларни белгилади. Бунда масалага фақат мурожаатни кўриб чиқиш нуқтаи назаридан эмас, балки тадбиркорнинг келгуси фаолиятига йўл очиш, унинг лойиҳаси ривожланиши учун тўсиқларни бартараф этиш нуқтаи назаридан ёндашиш муҳимлиги таъкидланди.
Шунингдек, ёшларнинг янги бизнес ғояларини қўллаб-қувватлаш, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, истиқболли лойиҳаларни амалий босқичга олиб чиқиш борасидаги вазифалар ҳам муҳокама этилди.
Аслида, ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш биргина иқтисодий кўрсаткичларни ошириш билан чекланмайди. Бу — ёшларнинг ўз имкониятига ишончини мустаҳкамлаш, уларни мустақил даромад манбаига эга қилиш, янги иш ўринлари яратиш ва оилалар фаровонлигини таъминлашнинг самарали йўлидир. Энг муҳими, бугун қўллаб-қувватланган бир ташаббускор эртага ўнлаб инсонларни иш билан таъминлайдиган ишбилармонга айланиши мумкин.


Учрашув якунида билдирилган таклиф ва мурожаатлар юзасидан масъулларга аниқ вазифалар юклатилди. Кўтарилган масалаларни ҳал этиш, ёш тадбиркорларнинг лойиҳаларини амалга оширишда амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда белгиланган вазифалар ижросини назорат қилиш бўйича келишиб олинди.
Муҳими, бундай очиқ мулоқотлар ёшларнинг муаммоларини бевосита эшитиш, уларнинг ташаббусларини аниқ эҳтиёжлардан келиб чиқиб қўллаб-қувватлаш имконини беради. Зеро, ёшлар учун яратилган имкониятлар қанчалик самарали натижа берса, ҳудуд иқтисодиёти ҳам шунчалик жадал ривожланади. Бухорода ёш ишбилармонлар сафини кенгайтириш, уларнинг ғояларини амалий лойиҳаларга айлантириш ва янги иш ўринлари яратишга қаратилган саъй-ҳаракатлар замирида ҳам ана шу эзгу мақсад мужассам.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири