Тошкентда Беларуснинг статистикани рақамлаштириш тажрибаси тақдим этилди
“БелТА” ахборот агентлиги хабар беришича, Тошкентда МДҲ статистика технологияларини ривожлантириш учун IT ечимларини ишлаб чиқиш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда Беларусь делегацияси ҳам иштирок этди.
Ушбу мамлакатнинг Миллий статистика қўмитаси Ахборот технологиялари бошқармаси бошлиғи Юрий Чернявский ва Тизимни мувофиқлаштириш ва ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Татьяна Максимова Беларусь тажрибаси бўйича тақдимот намойиш қилди.
Хусусан, Чернявский қатор янги технологик ечимлар амалиётга муваффақиятли жорий этилганини таъкидлади. Масалан, ҳисобот тақдим этишда тегишли маслаҳат бериш учун NLP технологиясига асосланган ижтимоий тармоқдаги ёрдамчи амалиёти йўлга қўйилган. Респондентлар томонидан сунъий интеллект ёрдамида иқтисодий фаолият турларини аниқлаш жараёнини автоматлаштиришга мўлжалланган нейрон тармоқ модули яратиш бўйича тажриба лойиҳаси, шунингдек сўров асосида маълумотни қидириш ва визуаллаштириш тажриба лойиҳасини амалга ошириш якунига етяпти.
Беларуслик мутахассислар статистика амалиётига ахборот технологияларини жорий этиш нафақат маълумотни йиғиш ва қайта ишлаш жараёнини осонлаштириши, балки ахборот етказиб берувчилар ва маълумотдан фойдаланувчилар билан янги алоқалар ўрнатишга ҳам ёрдам беришини таъкидладилар.
А.Маматов, ЎзА