Тошкентда автобуслар учун ажратилган йўлакларга делиниаторлар ўрнатилмоқда
Тошкент шаҳрида жамоат транспорти ҳаракатини янада самарали ташкил этиш мақсадида автобуслар учун мўлжалланган “А” тоифасидаги алоҳида йўлакларни босқичма-босқич жорий этиш ишлари давом этмоқда.
Тошкент шаҳар Йўл ҳаракатини ташкил этиш марказидан маълум қилинишича, Фурқат кўчасидаги Magic City ҳудудидан Ислом Каримов кўчасидаги Халқлар дўстлиги саройи атрофигача бўлган йўл қисмида автобуслар учун махсус “А” йўлаги ташкил этилиб, тегишли йўл чизиқлари чизилди. Айни кунларда ушбу йўлакни умумий транспорт оқимидан ажратиб турувчи делиниаторлар (йўлни ажратувчи устунчалар) ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.
Делиниаторлар бошқа транспорт воситаларининг автобус йўлагига кириб кетишини чеклайди, тартибсиз қайта сафланишларнинг олдини олади ҳамда ҳайдовчиларга жамоат транспорти устуворлиги бошланадиган ҳудудларни аниқ кўрсатиб беради.
Маълумотга кўра, жорий йил якунига қадар Тошкент шаҳрининг 30 дан ортиқ кўчасида “А” тоифасидаги алоҳида йўлакларни ташкил этиш режалаштирилган. Ушбу йўналишларда делиниаторлар ва жамоат транспорти самарадорлигини оширишга қаратилган бошқа инфратузилма элементлари ҳам босқичма-босқич жорий этилади.
Қайд этилишича, АҚШ, Испания, Буюк Британия, Сингапур, Австралия ҳамда Боку шаҳрида автобуслар учун ажратилган алоҳида йўлаклар жамоат транспорти тезлигини ошириш, тиғиз вақтлардаги кечикишларни камайтириш ва қатнов жадвалининг барқарорлигини таъминлашга ёрдам бермоқда. Йирик шаҳарларда ушбу тизим тирбандликларни камайтириш ва жамоат транспортининг жозибадорлигини оширишнинг муҳим воситаларидан бири сифатида қўлланилади.
Таъкидланишича, ушбу чора-тадбирлар автобуслар ҳаракатини тезкор ва барқарор қилишга хизмат қилади. Натижада йўловчиларнинг йўлдаги вақт сарфи қисқаради, қатнов қулайлиги ошади ва йўллардаги тирбандлик камаяди.
М.ҲОЖИАКБАРОВА, ЎзА