Халқаро илмий дипломатия эътирофи
Европа ислом марказлари уюшмаси (EOIC) томонидан Швейцарияда чоп этиладиган нуфузли халқаро “Ли таорафув” (ар.: “Бир-бирингизни танишингиз учун”) журналининг навбатдаги сонида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, тарих фанлари доктори, профессор Шовосил Зиёдов билан ўтказилган кенг қамровли суҳбат чоп этилди.
Эътиборли жиҳати шундаки, ўзбек олими билан уюштирилган ушбу мусоҳаба анонси журналнинг бош муқовасидан жой олган.

Суҳбатда Ш.Зиёдов дастлаб Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг ташкил этилиш тарихи, унинг мақсад ва вазифалари хусусида тўхталган. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан очилган ушбу муассаса қисқа давр ичида ислом цивилизацияси ва ҳадис илми ривожига улкан ҳисса қўшган буюк алломаларимизнинг бой меросини тизимли тадқиқ этувчи нуфузли марказга айлангани қайд этилган.
Шунингдек, марказ директори муассаса томонидан амалга оширилаётган халқаро ҳамкорлик ва илмий дипломатия алоқаларига алоҳида урғу берди. Жумладан, энг янги натижалар – ислом оламининг Туркия ва Жазоир каби илмий марказларидаги турдош муассасалар, Канада Ислом цивилизацияси институти ҳамда Индонезиянинг тегишли вазирлик ва университетлари билан ўрнатилган яқин ҳамкорлик алоқалари суҳбатнинг муҳим мавзуларидан бири бўлди. Бу борада имзоланган меморандумлар доирасида хорижлик тадқиқотчилар билан қўшма лойиҳалар, тажриба алмашувлари ва халқаро илмий семинарлар мунтазам ташкил этилаётгани маълум қилинди.
Интервьюда Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар самарасига алоҳида тўхтаб ўтилди. Бугунги кунда Ўзбекистон аҳолисининг қарийб 96,5 фоизини мусулмонлар ташкил этади. Мамлакатда диний маърифатни ёйишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ўзаро мувофиқликда фаолият кўрсатмоқда.
Диний маърузаларда эътиқодий бағрикенглик, соф исломий таълимот, маънавий тарбия ва интернетдаги бузғунчи ғояларга қарши ёшлар онгида мафкуравий иммунитетни шакллантириш масалаларига устувор аҳамият берилмоқда. Ислом манбаларини тўғри англаш мақсадида араб тилини ўқитиш, хусусан, Ҳадис илми олий мактаби ҳузурида “Қуръон ва тажвид” курслари замонавий педагогик ва рақамли технологиялар асосида кенгайтирилмоқда.
Давлат томонидан диний қадриятлар тўлиқ қўллаб-қувватланмоқда – юзлаб масжидлар янгидан қад ростлади ва реконструкция қилинди. Ҳаж квотаси оширилиб, ҳар йили 15 минг нафар ўзбекистонлик зиёратчи бу амални тўлиқ давлат кўмагида адо этмоқда.
Суҳбатда жамият барқарорлигини таъминлаш ва соғлом маънавий муҳитни асраш масаласига ҳам кенг ўрин ажратилди. Ш.Зиёдов ислом динининг асл инсонпарварлик, тинчликсеварлик ва бағрикенглик моҳиятини кенг жамоатчиликка, айниқса, ёш авлодга тўғри етказиш муҳимлигини таъкидлади. Аждодлар меросини чуқур илмий асосда ўрганиш ва тарғиб қилиш орқали ёшларда турли мафкуравий таҳдидларга қарши мустаҳкам иммунитет шакллантирилаётгани айтиб ўтилди.
Бундан ташқари, журналхонларга марказнинг нашр фаолияти, хусусан, нодир қўлёзмаларни тадқиқ этиш, таржима қилиш ва илмий истеъмолга киритиш борасидаги салмоқли ютуқлари тақдим этилди. Чоп этилаётган янги китоблар, дарслик ва қўлланмалар нафақат юртимизда, балки халқаро илмий доираларда ҳам катта қизиқиш билан қарши олинаётгани баён қилинди.
Суҳбат якунида Ш.Зиёдов марказнинг истиқболдаги режалари, рақамли технологияларни янада унумли татбиқ этиш, қўлёзмаларнинг электрон базасини кенгайтириш ва жаҳон шарқшунослик марказлари билан янги қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича устувор вазифалар билан ўртоқлашди.
Маълумот учун, “Ли таорафув” халқаро журнали диний бағрикенглик, васатийлик (мўътадиллик) ғояларини тарғиб қилиш, турли маданият ва миллат вакиллари ўртасида илмий-маърифий робиталар ўрнатиш мақсадида Европа миқёсида чоп этиладиган етакчи нашрлардан биридир. Ўзбекистон илмий муассасаси раҳбари овозининг ушбу нашрда янграши мамлакатимизнинг халқаро маданий-гуманитар майдондаги нуфузи ортиб бораётганининг яна бир амалий тасдиғидир.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА