Тошкент халқаро молия марказининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланади
Мамлакатимизда инвестициялар ҳажмини кўпайтириш, капитал бозорини ривожлантириш ва илғор халқаро стандартларни жорий этиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, халқаро молия, ҳуқуқ ва технологиялар соҳаларида юқори маошли иш ўринларини яратиш ва инсон капиталини ривожлантириш, мамлакатнинг кредит рейтингини ошириш эътибор марказида. Ўзбекистоннинг халқаро инвестиция рейтингларидаги мавқеини мустаҳкамлаш ва республикани минтақавий молиявий марказга айлантириш ва глобал молиявий тизимга интеграциясини таъминлаш соҳасида ҳам жадал ишлар олиб борилмоқда.

Бу фикрлар Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси мажлисида “Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида”ги конституциявий қонун муҳокамаси жараёнида қайд этилди.
Мазкур конституциявий қонун билан молия марказининг мақсади ва вазифалари, марказ фаолиятининг асосий принциплари, иштирокчилари, марказ ҳудудида амалга ошириладиган фаолият, қўлланиладиган ҳуқуқ, рақамли активлар соҳасида махсус тартибга солиш режими, марказнинг инвестициявий солиқ резидентлиги дастури белгиланмоқда.
Қонунда молия маркази ҳудудида жиноий юрисдикцияни амалга ошириш, иштирокчиларнинг пул мажбуриятлари ва валютани тартибга солиш, солиқ ва божхона режимлари, чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслар учун виза тартиби, хорижий ишчи кучини жалб этиш бўйича нормалар белгиланмоқда.

Бундан ташқари, марказ органлари, кенгаш, бошқарувчи, молиявий хизматлар бошқармаси ва Тошкент халқаро тижорат судининг ваколатлари, марказда қўлланиладиган тил режими, ўтиш қоидалари ҳамда молия марказини фаоллаштириш тартиби белгиланмоқда.
Шу билан бирга, ўтиш даврида лицензияларни тан олиш, молиявий хизматлар кўрсатиш учун вақтинча рухсат бериш ва халқаро лицензияга эга юридик шахслар учун ихтиёрий ўтиш даври лицензиясини беришга оид нормалар ҳам киритилмоқда.
Конституциявий қонун билан Молия марказининг кенгашига марказни ривожлантиришнинг умумий йўналиши ва стратегиясини белгилаш ҳамда марказнинг йиллик бюджетлари, аудиторлик хулосалари ва фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларини тасдиқлаш каби ваколатлар берилмоқда.
Н.Абдураимова, ЎзА