Тошкент вилоятида экспорт ҳажми ошмоқда
Тошкент вилоятида 730 дан зиёд экспортёр корхоналар фаолият юритмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятда 60 миллион долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, 21 миллион долларлик қурилиш моллари, 1,1 миллион долларлик оёқ кийимлар ва чарм маҳсулотлари, 117 миллион доллари ҳисобидаги трикотаж ва ип-калава маҳсулотлари хорижга экспорт қилинди.
Тошкент вилояти инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси маълумотига кўра, жорий йилнинг январь-май ойлари давомида вилоят экспорт штаби томонидан 23 та корхоналарнинг электр энергияси ва газ таъминоти юзасидан келиб тушган мурожаатлари ўрганилиб, амалий ёрдам берилди.
Шунингдек, 40 дан ортиқ экспортёрларга айланма маблағларини олишга ёрдам берилган бўлса, 81 нафар тадбиркорларга ҚҚС қайтарилди. Экспорт штаби тармоқ вакиллари жами 12 та корхонага сертификатлаштириш бўйича амалий ёрдам кўрсатилди.
Вилоят экспорт салоҳиятини янада ошириш мақсадида 50 дан ортиқ экспортёр корхоналарнинг тижорат таклифлари инглиз ва рус тилларида тайёрланиб, белгиланган тартибда хорижий ҳамкорлар ва муносиб харидорларни излаб топишда амалий ёрдам бериш учун Республика Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистоннинг хориждаги консулликлари ва элчихоналари, Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги Экспортни рағбатлантириш агентлигига юборилди. Тадбиркорлар ва экспортёр корхоналарнинг муаммоларига ўз вақтида ечим топилиши ва амалий кўмак берилиши натижасида экспорт ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 137 фоиз ошишига эришилди.
Ўз навбатида, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштириш режа прогнози 96,5 миллион доллар белгиланган бўлса, амалда 409 миллион ёки 114 фоизга бажарилди. Бу кўрсаткичлар 98 та лойиҳа ҳиссасига тўғри келади. Бунда ўзлаштирилган хорижий инвестициялар улуши Хитойга 38 фоиз, Туркияга 5 фоиз, Россияга 12 фоиз ва шу каби бошқа давлатлар ҳиссасига тўғри келади.
А.Мусаев, ЎзА