Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Шу кунларда шоличиликда энг масъулиятли агротехник даврлардан бири давом этмоқда. Айнан ушбу босқичда агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш шоли экинларининг соғлом ривожланиши, ҳосилдорликни ошириш ҳамда мўл ва сифатли ҳосил етиштиришнинг муҳим омили ҳисобланади.
Шу муносабат билан Шоличилик илмий-тадқиқот институти олимлари томонидан Бекобод туманидаги фермер хўжалигида шоликор фермерлар иштирокида амалий семинар ташкил этилди. Мутахассислар томонидан шоли майдонларида бегона ўтларга қарши курашишнинг самарали усуллари, зараркунанда ва касалликларни эрта аниқлаш, уларнинг олдини олиш ҳамда уларга қарши кураш тадбирларини илмий асосда ташкил этиш бўйича батафсил тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, фермерларга минерал ўғитларни меъёрида қўллаш, суғориш режимини тўғри ташкил этиш, экинларнинг вегетация даврида агротехник тадбирларни ўз вақтида сифатли бажариш юзасидан амалий тавсиялар тақдим этилди. Дала шароитида мавжуд ҳолатлар таҳлил қилиниб, фермерларнинг саволларига мутахассислар томонидан батафсил жавоблар берилди.
***
“Ойбек” чегара божхона пости ходимлари томонидан гиёҳвандлик воситалари ва гиёҳвандлик уруғларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш бўйича навбатдаги қонунбузилиш ҳолати аниқланди. Қўшни давлатдан мамлакатимизга кириб келаётган фуқаронинг транспорт воситаси божхона ходимлари ва кинолог иштирокида кўрикдан ўтказилди.

Божхона ходимларининг ҳамда кинолог иштирокида ўтказилган кўрик давомида юк ҳужжатларида ва божхона декларациясида кўрсатилмаган оғирлиги 5,01 грамм бўлган 1 дона кўкнори головкаси ҳамда 153,16 гр оғирликдаги кўкнори уруғлари аниқланди. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тегишли тартибда суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
***
Қурилиш объектларининг мустаҳкамлиги ва узоқ муддат хизмат қилиши аввало фойдаланилаётган қурилиш материалларининг сифатига бевосита боғлиқ. Шу боис Тошкент вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси синов лабораториясида қурилиш объектларида қўлланилаётган арматуралар намуналарининг сифат кўрсаткичлари юзасидан навбатдаги лаборатория синовлари ўтказилди.

Жараёнда барча намуналарининг механик хусусиятлари замонавий синов ускуналари ёрдамида текширилди. Жумладан, металлнинг чўзилишдаги мустаҳкамлиги, узилиш чегараси, деформацияга чидамлилиги ҳамда бошқа техник кўрсаткичлари амалдаги давлат стандартлари ва норматив ҳужжатлар талаблари асосида баҳоланди.
Асосий мақсад — қурилиш объектларида фойдаланилаётган арматураларнинг сифатини тасдиқлаш, уларнинг лойиҳа талабларига мослигини аниқлаш ҳамда сифатсиз қурилиш материалларидан фойдаланишнинг олдини олишдан иборат. Маълумки, арматура темир-бетон конструкцияларнинг асосий юк кўтарувчи элементи ҳисобланади. Шу сабабли унинг сифат кўрсаткичлари қурилаётган бино ва иншоотларнинг сейсмик барқарорлиги, мустаҳкамлиги ҳамда эксплуатация давридаги ишончлилигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
А.Мусаев,ЎзА.