Маҳаллаларда янги бошқарув тизимини жорий этиш масалалари муҳокама марказида
Айни дамда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси томонидан Президентимизнинг "Маҳалла бошқарувини самарали ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони мазмун-моҳиятини маҳаллаларда кенг тарғиб қилиш ҳамда унинг ижросини самарали таъминлаш мақсадида "маҳалла еттилиги" аъзолари учун ўқув-амалий семинар ўтказилмоқда.
Фармон билан Маҳалла фаолиятини ривожлантириш бўйича республика комиссияси ташкил этилди. "Маҳалла еттилиги" аъзолари фаолиятини самарали ташкил этиш, уларга ўз вазифаларини лозим даражада амалга ошириши учун услубий кўмаклашиш, маҳаллаларда аҳоли муаммоларини ҳал қилиш юзасидан идоралараро ҳамкорликни таъминлаш кабилар унинг асосий вазифалари этиб белгиланди.
Тадбир давомида маҳалла бошқарувининг янги тизими, "еттилик"нинг ваколат ва масъулияти, маҳалла тараққиётини таъминлашда давлат органлари ҳамда жамоатчилик институтлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинмоқда.
[gallery-30281]
Дастурга мувофиқ, иштирокчиларга фармон мазмун-моҳияти, маҳалла раисининг стратегик раҳбар сифатидаги ўрни, фуқаролар йиғинларининг молиявий имкониятлари, ҳоким ёрдамчисининг маҳалла иқтисодиётини ривожлантиришдаги вазифалари, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ҳамда солиқ инспекторининг ўзаро ҳамкорлиги юзасидан амалий тавсиялар берилмоқда.
Шунингдек, семинар давомида "маҳалла еттилиги" фаолиятида ягона жамоавий бошқарув тамойилларини жорий этиш, ҳар бир аъзонинг масъулиятини ошириш ҳамда аҳоли муаммоларини манзилли ҳал этишга қаратилган самарали механизмлар юзасидан фикр алмашилмоқда.
Назокат Усмонова,
Носирхон Ҳайдаров (сурат), ЎзА мухбирлари