Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Бўстонлиқ туманида “Паҳлавон Маҳмуд – Баҳодирлар ўйини” халқаро турнири доирасида “Farhod Challenge III” халқаро мусобақаси ташкил этилди
Тошкент вилояти ва Бўстонлиқ тумани ҳокимликлари, Туризм қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилган мусобақада дунёнинг 16 мамлакатидан келган 18 нафар спортчи иштирок этди. Муросасиз кечган баҳсларда спортчилар икки кишилик жамоалар таркибида эстафета, арқон билан автомобиль тортиш, тош улоқтириш, юк билан айлана бўйлаб ҳаракатланиш ҳамда ҳовуздаги кураш синовларида ўз маҳоратини намойиш этди.

Якуний натижаларга кўра, Грузиялик Ника Лейкадзе ва озарбайжонлик Айдин Ҳумбатов жуфтлиги биринчи ўринни қўлга киритди. Иккинчи ўрин Эрон ва Туркия вакилларидан иборат жуфтликка насиб этди. Ҳамюртимиз Муҳаммадали Тўхтаматов эса жамоадоши жароҳат олганига қарамай, матонат ва ирода намунасини кўрсатиб, фахрли учинчи ўринни эгаллади.
***
ИИВ ЖҚД ҳамда Олмалиқ шаҳар ИИБ тезкор ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилаётган назорат тадбири давомида 32 ёшли шахс Олмалиқ шаҳри ҳудудида назоратдаги харидорга марихуана гиёҳвандлик моддаларини сотган вақтида ушланган.
Унга тегишли бўлган сумкалар текширилганида қора целлофан ўрамларида тайёрланган гиёҳвандлик моддаларини сақлаётгани аниқланиб, далилий ашё сифатида расмийлаштириб олинди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

***
Нурафшон шаҳрида замонавий ер ости йўлаги қурилиши бошланди. Мазкур лойиҳа ҳудуд марказидаги тирбандликларни камайтириш, пиёдалар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ҳамда аҳоли учун қулай ва замонавий шаҳар муҳитини яратишга хизмат қилади.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари Шукурулло Маҳмудов ва Нурафшон шаҳар ҳокими Қобил Ҳамдамов бошчилигида лойиҳа қурилишига расман старт берилди. Тадбирда соҳа мутахассислари, нуронийлар, фаоллар ва депутатлар иштирок этиб, муҳандислар томонидан қурилиш лойиҳаси тақдимоти ўтказилди. Режага кўра, узунлиги 44 метр, кенглиги 4,5 метр ва баландлиги 2,5 метр бўлган замонавий ер ости пиёдалар ўтиш йўлаги барпо этилади. Шунингдек, яқин вақт ичида шаҳарнинг бошқа ҳудудларида яна иккита ер ости пиёдалар ўтиш йўлаги қурилиши ҳам бошланиши мақсад қилинган.
А.Мусаев, ЎзА мухбири