Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Бугун куннинг биринчи ярмида ижтимоий тармоқларда Zipline (тросли тушиш мосламаси)да икки фуқаронинг тўқнашуви акс этган видео тарқалди. Ҳодиса Тошкент вилоятининг Ангрендаги тоғли ҳудудда содир бўлган.
Zipline (тросли тушиш мосламаси)да тўқнашган фуқаролар тан жароҳати олмаган. Текширув жараёнида маълум бўлишича, мазкур аттракцион тегишли ташкилотларнинг ҳеч қандай рухсат берувчи ҳужжатларисиз, ноқонуний фаолият юритиб келган.
Ҳодиса жойига Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари ҳамда бошқа дахлдор идоралар вакиллари етиб борди. Ишчи гуруҳ хулосасига кўра, ушбу Zipline демонтаж қилиниб, аттракцион фаолиятини ташкил этган фуқароларга нисбатан жарима қўлланилди.


***
Тошкент туманида экспортбоп гилос боғлари ҳосилга кирди. Хусусан, “Н.Обидов файз” ҳудудидаги “СОҲИБКОР ИШОНЧ АГРО” масъулияти чекланган жамияти томонидан 2019 йилда 15 гектар майдондаги самарасиз боғлар ўрнида барпо этилган томчилатиб суғориладиган интенсив гилос боғи бугун кўзни қувонтиради.
Айни кунларда боғда пишиб етилган сархил мевалар экспортёр корхоналар томонидан йиғиб олинмоқда. Эътиборлиси, гилослар даланинг ўзидаёқ сифатига кўра сараланиб, ички бозор ва хорижий давлатларга юборилмоқда.
Бугунги кунда ҳудудда жами 1 минг 100 гектар мевали боғлар мавжуд бўлса, соҳани ривожлантириш режаларига мувофиқ, 2026 йилнинг ўзида қўшимча 150 гектар майдонда янги боғлар барпо этилди. Бу борадаги ишлар тўхтаб қолмайди ва 2027 йилда яна 170 гектар майдонни яшил боғларга айлантириш белгиланган.


***
Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Тошкент вилояти Кенгаши томонидан Оҳангарон туманидаги “оғир” тоифали маҳаллаларда яшовчи, маҳалла ободлиги ва осойишталигига муносиб ҳисса қўшиб келаётган нуронийлар учун хайрли тадбир ташкил этилди.
Ташаббус доирасида 12 нафар фахрий Қибрай туманидаги “Бўстон” санаторийсига дам олиш ва соғломлаштириш учун юборилди. Нуронийлар ўзларига кўрсатилаётган эътибор ва ҳурмат учун миннатдорлик билдириб, юртимизда инсон қадри улуғланаётганини алоҳида таъкидлади.


А. Мусаев, ЎзА