Фармацевтика: глобал интеграция ва кадрлар салоҳияти
Мамлакатимиз тиббиёт ва фармацевтика тармоғини тубдан ислоҳ қилиш, соҳага илғор хорижий тажриба ва инновацион технологияларни жорий этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган айни паллада маҳаллий ишлаб чиқаришни жаҳон стандартлари даражасига кўтариш, юқори технологик кластерлар фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш тизимини замон талабларига мослаштириш муҳим аҳамият касб этади. Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан бу борада олиб борилаётган тизимли ишлар, халқаро алоқаларнинг кенгайиши ва ҳудудлардаги ёшларни соҳага жалб этиш ташаббуслари фикримизнинг яққол исботидир.
Шундай лойиҳалардан бири сифатида Ўзбекистон ва Германия ўртасида биотехнология ҳамда биофармацевтика соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинганини келтириш мумкин.
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда Германиянинг халқаро биотехнология компанияси — “Sartorius AG” вакиллари ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди.
Маълумот учун айтиш жоизки, “Sartorius AG” биофармацевтика саноати учун асбоб-ускуналар, биопроцессинг технологиялари ва лаборатория хизматларини етказиб берувчи дунёдаги етакчи компаниялардан бири ҳисобланади. Учрашув давомида биофармацевтика ва илмий-тадқиқот йўналишларидаги ҳамкорлик имкониятлари, лаборатория инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда замонавий технологияларни жорий этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Шунингдек, “Tashkent Pharma Park” (BioPharma City) фармацевтика кластери доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар, илмий марказлар фаолияти ва мутахассислар тайёрлаш соҳасидаги истиқболли ташаббуслар юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Мулоқот якунида томонлар биотехнология ва лаборатория йўналишларида қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш, тажриба алмашинувини кенгайтириш ҳамда ўзаро ҳамкорликни изчил давом эттиришга келишиб олди.
Соҳада маҳаллий кадрлар захирасини шакллантириш мақсадида тизимли тарғибот ишлари ҳам олиб борилмоқда. Жумладан, Фармацевтика техник университети (PTU) вакиллари томонидан Наманган, Хоразм ва Самарқанд вилоятларидаги қатор ўқув марказлари ҳамда хусусий мактабларда учрашувлар амалга оширилди.
Учрашувлар давомида ўқувчиларга “Tashkent Pharma Park” фармацевтика кластери ва Фармацевтика техник университети фаолияти ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилди. Шу билан бирга, ёшларга университетда яратилган замонавий таълим муҳити, илмий-инновацион имкониятлар, халқаро ҳамкорлик дастурлари ва талабалар учун мавжуд шарт-шароитлар яқиндан таништирилди.
Мазкур тадбирлар ёшларни касб танлашга тўғри йўналтириш, уларнинг замонавий билим ва юқори малакали мутахассис бўлиб етишишларини қўллаб-қувватлашга қаратилгани билан ғоят аҳамиятлидир.
Европа давлатлари билан инновацион ҳамкорлик ҳамда ички кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш ишларига параллел равишда, Шарқий Осиёнинг етакчи мамлакатлари билан инвестициявий шериклик алоқалари ҳам изчил кенгайтирилмоқда. Хусусан, Жанубий Кореянинг “SEIN DNI Co., LTD” компанияси билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов ҳамда Жанубий Кореянинг “SEIN DNI Co., LTD” компанияси бош директори Чонг Ил Жонг бошчилигидаги делегация ўртасида расмий учрашув бўлиб ўтди. Мулоқотда мамлакатимизда косметика ва фармацевтика саноатини ривожлантириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, GMP стандартлари асосида янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ҳамда экспорт салоҳиятини кенгайтириш масалалари диққат марказида бўлди. Шунингдек, томонлар косметика маҳсулотларини ишлаб чиқариш, инновацион технологияларни жорий этиш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва халқаро бозорларга биргаликда чиқиш бўйича ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашди. Учрашув якунида косметика ва фармацевтика соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил давом эттириш бўйича муҳим келишувларга эришилди.
Соҳада амалга оширилаётган ушбу саъй-ҳаракатлар мамлакатимизда фармацевтика индустриясини яратишга хизмат қилади. Бу эса нафақат ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш, балки Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги экспорт салоҳиятини янги босқичга кўтаришда муҳим пойдевор бўлади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА