Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Тошкент вилояти спорт бошқармасида 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан маданий-маърифий тадбир ташкил этилди. Унда спорт соҳасида кўп йиллар самарали меҳнат қилган, ҳозирги кунда кексалик гаштини сураётган спорт фахрийлари иштирок этди.
Тадбир дастлаб “Ватанпарвар боғи”да жойлашган Зулфия она ҳайкали пойига гул қўйиш маросими билан бошланди. Шунингдек, иштирокчилар боғ ҳудудидаги экспонатлар билан яқиндан танишди. Шундан сўнг иштирокчилар Нурафшон шаҳар спорт мактабида бўлиб, ёш спортчиларнинг кўргазмали чиқишларини кузатди.

Тадбир доирасида Миллий олимпия қўмитаси томонидан барпо этилган замонавий теннис мажмуасининг очилиш маросими ҳам ўтказилди. Якунда спорт фахрийларини тақдирлаш маросими ташкил қилиниб, иштирокчилар учун байрам дастурхони ёзилди ҳамда ош тортилди.
***
Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғи ҳудудида биологик хилма-хилликни ўрганиш, ёввойи ҳайвонлар сонини аниқлаш ва уларни муҳофаза қилиш мақсадида мунтазам равишда баҳорги саноқ ишлари олиб борилмоқда.
Жорий йилда инспекторлар томонидан ташкил этилган навбатдаги мониторинг тадбирлари давомида Қоронғитўқай – Онаўлган ҳудудида дала кузатув ишлари амалга оширилди. Кузатувлар натижасида ушбу ҳудудда 15 бош Сибир тоғ эчкилари қайд этилди. Ҳайвонлар табиий яшаш муҳитида эркин ҳаракатланаётгани кузатилиб, уларнинг хатти-ҳаракатлари ва ҳолати инспекторлар томонидан диққат билан ўрганилди.
Мазкур кузатув натижалари ҳудудда ёввойи ҳайвонлар популяциясининг барқарорлигини ҳамда табиий экотизимнинг соғлом ҳолатда эканлигини кўрсатади.
***
Мактаб ўқувчилари ўртасида “Иқтидор” мактаб ансамбли кўрик-танловининг Тошкент вилояти босқичи бўлиб ўтди. Унда туман ва шаҳар босқичларидан саралаб олинган 22 та энг муносиб жамоа ўз истеъдодини намоён этди.

Мазкур танлов Президентимизнинг мусиқа маданияти таълимини ривожлантиришга қаратилган тегишли қарори ижроси доирасида ташкил этилган бўлиб, ёшларнинг ижодий салоҳиятини ривожлантириш, уларни миллий ва замонавий санъатга кенг жалб этиш ҳамда истеъдодли ўқувчиларни рағбатлантиришга хизмат қилади.
Танловда ғолибликни Оққўрғон туманидаги 29-сонли умумтаълим мактабининг “Кўркем ай” жамоаси қўлга киритди ва Республика босқичига йўлланма олди. Тадбир якунида фаол иштирокчиларга Тошкент вилояти “Келажак” маркази томонидан диплом ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
А.Мусаев, ЎзА