Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорлик янги имкониятлар очмоқда
Муносабат
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик тобора барқарор ва кўп қиррали тус олмоқда. Хитой Ўзбекистоннинг муҳим савдо-иқтисодий ҳамкори ҳисобланади, шунингдек, Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳам ҳамкорликни фаол ривожлантирмоқда. Ўзаро савдо ҳажмининг кенгайиши, инвестицияларнинг ортиши, қўшма корхоналар, транспорт инфратузилмаси ва гуманитар алоқаларнинг ривожланиши муносабатларда стратегик шерикликнинг янги босқичга ўтаётганидан далолат беради.
Ушбу тенденция 2025 йилда Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги иқтисодий ҳамда савдо ҳамкорлиги сезиларли натижаларга эришган даврда, айниқса яққол намоён бўлди.
Товар айланмаси ҳажми 106,3 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Хитой илк бор минтақа мамлакатларининг энг йирик савдо ҳамкорига айланди. Хитойнинг Марказий Осиёга экспорти 71,2 миллиард АҚШ долларига етди, бу эса бир йил аввалги кўрсаткичдан 11 фоизга кўпдир. Ўсиш, аввало, электромеханик маҳсулотлар ҳамда юқори технологияли товарлар етказиб бериш ҳажмининг ошиши ҳисобига таъминланди. Ўз навбатида, Хитойнинг Марказий Осиё мамлакатларидан импорти 35,1 миллиард АҚШ долларини ташкил этиб, йиллик ҳисобда 14 фоизга ўсди.
Айни шароитда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорлик алоҳида ўрин тутади. Хитой Ўзбекистоннинг асосий иқтисодий ҳамкорларидан бири бўлиб, республика ташқи савдо айланмасининг энг катта қисми Хитой ҳиссасига тўғри келади. Ўтган йили ушбу кўрсаткич 17 226,7 миллион АҚШ долларига етди. Шундан Ўзбекистон экспорти 2 миллиард 470,7 миллион АҚШ долларини, импорт эса 14 миллиард 755,9 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Бу маълумотлар ўзаро савдонинг барқарор ўсиб бораётганини, шунингдек, томонларнинг иқтисодий алоқаларни янада кенгайтиришга бўлган юқори қизиқишини кўрсатади.
Савдо айланмасининг ўсиши, ўз навбатида, инвестициявий ҳамкорликнинг фаоллашуви билан чамбарчас боғлиқ. Хитой Ўзбекистон иқтисодиётига сармоя киритаётган энг йирик инвесторлардан бири бўлиб қолмоқда. 2025 йил якунларига кўра, мамлакат иқтисодиётига киритилган Хитой инвестициялари ҳажми 15 миллиард АҚШ долларидан ошди. Бу ҳолат Ўзбекистонда ишбилармонлик муҳитининг яхшиланганидан далолат бериб, хитойлик инвесторларнинг амалга оширилаётган ислоҳотларга ишончини оширмоқда.
Иқтисодий муносабатларни ривожлантиришда хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар муҳим ўрин тутади. Жорий йил 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда фаолият юритаётган хорижий капитал иштирокидаги корхоналар ва ташкилотлар орасида Хитой етакчи ўринни эгаллади. Ушбу давлат капитали иштирокидаги 5 044 та корхона фаолият юритган бўлиб, бу хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар умумий сонининг 27,8 фоизини ташкил этади. Бу Хитой бизнесининг Ўзбекистон иқтисодиётининг турли тармоқларида фаол иштирок этаётганини тасдиқлайди.
Бундай корхоналар фаолиятининг кенгайиши нафақат анъанавий, балки юқори технологияли замонавий соҳаларда ҳам ҳамкорликни чуқурлаштириш учун замин яратмоқда. Томонлар юқори технологиялар, “яшил” энергетика, атом энергетикаси, сунъий интеллект, транспорт ва бошқа йўналишларда ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бундай кўп тармоқли ҳамкорлик иқтисодиётни модернизация қилиш, инновацион ечимларни жорий этиш ва янги иш ўринларини яратишга хизмат қилади.
Саноат ва технологик ҳамкорлик билан бир қаторда транспорт-логистика боғлиқлиги ҳам алоҳида аҳамият касб этмоқда. Тўғридан-тўғри денгизга чиқиш имкониятига эга бўлмаган Ўзбекистон учун халқаро транспорт йўлакларини ривожлантириш муҳим саналади. Шу нуқтаи назардан, Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли лойиҳаси муҳим аҳамиятга эга. Мазкур темир йўлнинг умумий узунлиги 532,53 километрни ташкил этади. Лойиҳанинг амалга оширилиши транспорт йўналишларини қисқартириш, Ўзбекистоннинг транзит салоҳиятини ошириш ҳамда Хитой, Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва Европа бозорларига чиқиш имкониятини кенгайтиради.
Транспорт инфратузилмасининг ривожланиши ўз навбатида, нафақат савдо ҳажмининг ортишига, балки гуманитар, туристик ва ишбилармонлик алоқаларининг кенгайишига ҳам хизмат қилади. Бу йўналишдаги муҳим қадамлардан бири – фуқароларнинг ўзаро сафарлари тартибини соддалаштириш бўлди. 2025 йил 1 июндан бошлаб Ўзбекистон ва Хитой фуқаролари ҳар бир алоҳида ташриф давомида 30 кундан ошмаган муддатга виза талабларидан озод этилади. Бунда умумий бўлиш муддати ҳар қандай 180 кунлик давр ичида 90 кундан ошмаслиги лозим. Ушбу қадам туризм, ишбилармонлик алоқалари, таълим ва маданий алмашинувларни ривожлантириш учун янги имкониятлар очди.
Шунингдек, Хитой билан ҳамкорлик кенгайиб бораётгани Ўзбекистоннинг давлат стратегик ҳужжатларида ҳам ўз аксини топмоқда. “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича Давлат дастурида Хитой тажрибаси асосида техникумларда ўзбек-хитой устахоналарини ташкил этиш вазифалари белгиланган. Бундан ташқари, Хитой Халқ Республикаси билан муносабатларни янада мустаҳкамлаш вазифаси ҳам қўйилган. Бу Хитой билан ҳамкорлик Ўзбекистон томонидан ташқи иқтисодий ва ташқи сиёсий фаолиятнинг устувор йўналишларидан бири сифатида қаралаётганини кўрсатади.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий ҳамкорлик барқарор тараққиёт, иқтисодий салоҳиятни мустаҳкамлаш ва узоқ муддатли алоқаларни кенгайтириш учун янги имкониятлар очмоқда.
Рамзидин Нуридинов, “Тараққиёт стратегияси” маркази бош мутахассиси. ЎзА