Тошкент вилояти ҳокимининг мурожаати тингланди
Нурафшон шаҳрида Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Унда Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлари, вилоят фаоллари, туман ва шаҳарлар ҳокимлари, барча бошқарма ва ташкилот раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, сиёсий партиялар, илм-фан намоёндалари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Сессия видеоконференцалоқа шаклида ташкил этилди ва уни Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгаши раиси Сайёра Файзиева бошқарди.
Сессияда Тошкент вилояти ҳокими, сенатор Зойир Мирзаевнинг 2023-2025 йилларда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар таҳлили ҳамда келгусидаги устувор вазифалар юзасидан МУРОЖААТИ тингланди. Унда кейинги йиллар вилоятнинг макроиқтисодий кўрсаткичларидан тортиб, камбағалликни қисқартириш, бандлик, миграция масалалари, аҳоли фаровонлигини ошириш, уй-жой билан таъминлаш, қурилиш, саноат, қишлоқ хўжалиги, ерлардан самарали фойдаланиш, ижтимоий соҳалар ва туризм масалалари қамраб олинган.
Шу билан бирга, вилоятда тадбиркорлик муҳити ва сармоявий жозибадорликни ошириш, хизматлар кўрсатиш, йўл-транспорт ва коммуникация, экспорт жабҳаларида амалга оширилган ишлар, шу билан бирга, мавжуд имконият ва салоҳиятдан тўлақонли фойдаланиш борасида йўл қўйилган камчиликлар таҳлилий ва танқидий руҳда баён этилди.
Хусусан, сўнгги тўрт йил давомида вилоят бўйича жами 3,5 миллиард долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Бу борада бу йилги рақамлар 2022 йилги ҳолатга нисбатан тўрт баробарга кўпдир. Жорий йилнинг саккиз ойида 1,7 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилиб, бу борада 173 фоизли салмоқли ўсишга эришилди.
Сўнгги уч йилда вилоятда 6 миллиард долларлик экспорт амалга оширилиб, 70 дан ортиқ давлатларга маҳсулот етказилгани, 108 та янги корхона экспортга жалб қилиниб, 7 та янги бозор ўзлаштирилгани, экспортчиларга молиявий ёрдам, сертификатлаш ва ташқи бозордаги фаолият учун шарт-шароитлар яратилганлиги вилоятнинг ташқи иқтисодий салоҳияти ортиб бораётганидан далолат беради.
Вилоятдаги 85 та оғир тоифадаги маҳаллада 117 миллиард сўм маблағ йўналтирилган ҳолда суғориш тизимини яхшилаш самарали якунланиб, 25 мингга яқин хонадонга 3 минг гектар томорқа ерларидан тўлиқ ва самарали фойдаланиш имкони яратилди.
Йил якунигача 412 минг нафар фуқаронинг бандлиги таъминланиб, камбағаллик даражаси 4,5 фоизга тушиши, Ангрен, Нурафшон, Бекобод, Олмалиқ, Оҳангарон, Чирчиқ шаҳарлари ва Бўстонлиқ, Қибрай, Паркент, Тошкент туманлари камбағалликдан ҳоли бўлиши, 86 та маҳалланинг ички йўллари таъмирланиши мақсад қилинган.
Вилоятда туризм соҳаси ҳудуд иқтисодиётининг драйвер йўналиши сифатида ривожланмоқда. Ўнлаб туризм кўчалари, сайлгоҳ ва истироҳат манзиллари ташкил этилмоқда, машҳур халқаро брендлар кириб келмоқда. Ютуқлар билан бирга, вилоятнинг юқори салоҳияти, куч ва имкониятлари барча соҳаларда бирдек намоён бўлмаяпти, айрим жабҳаларда жиддий камчилик ва нуқсонларга йўл қўйилмоқда.
– Айрим ҳудуд раҳбарлари ўз ҳудудида фаолият юритаётган корхоналар билан тизимли мулоқот ўрнатмаган, экспорт фаолияти билан шуғулланаётган субъектлар билан самарали иш олиб бормаган. Мисол учун, Янгийўл туманидаги “Тарози класс” корхонаси томонидан ишлаб чиқарилаётган тарозиларни экспорт қилиш учун сертификат олиш бўйича муаммо мавжуд эди. Шу сабабли ўтган даврда 70 минг доллар маҳсулот экспорт қилинмаган. Масала вилоят ҳокими қабулида икки ой олдин ҳал бўлди ва 20 минг доллар экспорт эришилди. Агар шу муаммони туман масъуллари томонидан йил бошида ҳал қилганида эди, 90 минг доллар экспорт амалга оширилган бўларди, – деди вилоят ҳокими З.Мирзаев.

Шунингдек, вилоятда туризмни ривожлантириш, аҳоли учун қулай шароитни яратиш мақсадида 24 соат ишлайдиган туризм кўчалари ва сайлгоҳларни ташкил қилиш кутилганидек эмаслиги айтилди. Ушбу саъй-ҳаракатлар Ўрта Чирчиқ, Паркент, Қибрай, Пискент, Янгийўл, Бўка, Тошкент туманлари ва Олмалиқ, Бекобод шаҳарларида суст ташкил этилган. Паркент тумани Марказий кўчасида 24/7 режимдаги кўча учун маблағ ажратилган, бироқ, ишлар тўхтаб қолган. Паркентсой дарёси бўйида сайлгоҳ қурилиши бошланмаган. Мазкур йўналишларга баъзи масъул раҳбар ва ходимларга нисбатан “ҳайфсан” эълон қилиниши кераклиги таъкидланди.
Вилоят раҳбари ўз Мурожаатида ана шу нуқсонларни келтириб чиқараётган омилларга бирма-бир тўхталиб, уларни танқидий таҳлил этиб, барча куч ва имкониятларни бирлаштириб, давлатимиз раҳбари белгилаб берган вазифалар, вилоятни жадал ривожлантириш бўйича Президент қарорлари ижросини сўзсиз таъминлаш бўйича галдаги муҳим вазифалардан иборат “Йўл хариталари”ни тақдим этди.
– Бу галги сессияда Тошкент вилояти ҳокими ҳар бир соҳадаги мавжуд вазият ва муаммоларни таҳлил қилиб, масъулларга ўз ишига масъулият билан ёндашишни айтди, – дейди Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати Низомиддин Ботиров. – Бу жараёнда биз депутатлар ҳам ўзимизга зарур вазифаларни белгилаб олдик. Ўзим фаолият юритаётган таълим соҳасидаги қилиниши лозим бўлган вазифалар ҳақида ҳам мазкур мурожаатда алоҳида эътибор қаратилган. Ишонаманки, жорий йил якунигача барча соҳаларда режадаги ишларни бажариш чоралари кўрилади.
Сессияда депутатлар вилоят ҳокими тақдим этган Мурожаатнома юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
А.Мусаев,ЎзА.