Саҳна ёш иқтидорлар билан жонланди
Сирдарё вилоят мусиқали драма театрида “Иқтидор” мактаб ансамбилари танловининг Сирдарё вилоят босқичи ўтказилди.
Дарҳақиқат, бу танлов шунчаки мусобақа эмас. У ёшларнинг ички олами, уларнинг мусиқа ва санъатга бўлган муносабатини кўзгу каби акс эттирадиган майдон вазифасини ўтади. Вилоят босқичигача етиб келган 11 та жамоа бу ерга тасодифан эмас, балки изчил меҳнат, машқ ва устозлар мактаби орқали етиб келгани саҳнада яққол намоён бўлди.
Танловнинг тантанали очилиш маросимида Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти Мақом чолғу ижрочилиги кафедраси профессори Шомаҳмуд Шораҳмедов, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика “Келажак” маркази Сирдарё вилоят бўлими бошлиғи Аваз Маматов, соҳа мутахассислари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
[gallery-29288]
Мактаб ўқувчиларидан ташкил топган ёш ҳаваскор жамоалар барча босқичларда мусиқа асарларини ўзбек миллий чолғуларида жонли ижро этишди. Танлов низомига кўра, туман-шаҳар босқичида битта асар, ҳудудий босқичда иккита асар ва республика босқичида учта асар ижро этилиши белгиланган.
Айниқса, мақом, халқ куйлари ва замонавий миллий оҳанглар уйғунлигида тайёрланган чиқишлар ҳакамлар ҳайъати томонидан юқори баҳоланди. Иштирокчиларнинг саҳна маданияти, ижро маҳорати, миллий чолғулардан фойдаланиш кўникмаси ва жамоавий уйғунлиги асосий мезонлар сифатида эътибор марказида бўлди.
Якунда эса энг кучли жамоалар аниқланди. Сайхунобод тумани 16-умумтаълим мактабининг “Қалдирғоч” жамоаси мутлоқ ғолиб сифатида республика босқичига йўл олди. Ширин шаҳри 1-умумтаълим мактабининг “Нола” жамоаси иккинчи, Сирдарё тумани 41-умумтаълим мактабининг “Ёш истеъдодлар” жамоаси эса учинчи ўринни эгаллади.
Ғолибларни тақдирлаш жараёнида Сирдарё вилоят ҳокими ўринбосари Отабек Мавлонбердиев, вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Наргиза Холбоева ҳамда “Келажак” маркази Сирдарё вилоят бўлими бошлиғи иштирок этдилар. Улар танлов иштирокчиларини яна бир бор табриклаб, диплом ва эсдалик совғалари топширдилар.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА