Тошкент шаҳрида ижара уйларнинг нархи бироз пасайди
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ўзининг навбатдаги шарҳида кўчмас мулк бозорида юз берган ўзгаришларни таҳлил қилди. Жорий йилнинг ноябрь ойида кўчмас мулк савдоси 4 фоизга ошди. Бу аввалги ойга нисбатан 800 та уй-жойга кўпроқ. Ой давомида фаолликнинг энг кўп ўсиши Хоразм – 23 фоиз, Наманган – 16 фоиз ва Жиззах вилоятларида – 12 фоиз қайд этилди.
Йил давомида уй-жой савдоси 10 фоизга камайди. Фаолликнинг энг кўп пасайишини кўрсатган ҳудудлар Навоий ва Жиззах вилоятлари бўлиб, мос равишда 23 фоиз ва 18 фоизга пасайган. Пойтахтда сотувлар ўтган йилга нисбатан 24 фоизга камайди.
Тошкентда уй-жой ижараси бозоридаги вазият ноябрь ойида Тошкент шаҳрида ижаранинг ўртача нархи октябрь ойидаги 9,5 долларга нисбатан 2,1 фоизга пасайди ва 1 кв.м. учун 9,3 долларни ташкил этди. Пойтахтнинг 11 та туманидан 10 тасида ижара нархининг пасайиши қайд этилди.
Ижара учун энг қиммат ҳудудлар Шайхонтоҳур (кв.м. $11,6), Яккасарой ($10,9) ва Миробод ($11,5) туманлари бўлди. Пойтахтдаги уй-жой ижараси Учтепа ($8,1), Сергели ($7,1) ва Бектемир ($6.2) туманларида энг мақбул нархларда қолмоқда. Шу билан бирга, пойтахтда ўртача ижара нархи ўтган йилга нисбатан 6,1 фоизга, йил бошидан буён ижаранинг ўртача нархи 9,2 фоизга камайди.
Пойтахтда ижара нархи бир ой ичида фақат Бектемир туманида 3,7 фоизга ошди. Иккиламчи кўчмас мулк бозори ноябрь ойида иккиламчи бозорда уй-жой нархининг ўртача ўсиши бир кв.м. учун 0,7 фоизни ташкил этди. Бу кўрсаткич, ўтган йилнинг ноябрь ойидан буён иккиламчи уй-жой нархи деярли 18,2 фоизга ошди.
Йил давомида Хоразм вилоятида– 32,9 фоиз, Тошкент вилоятида – 31 фоиз ва Бухоро вилоятида – 26,9 фоиз иккиламчи бозорда уй-жой нархининг сезиларли ўсиши қайд этилди.
Тошкент шаҳрида ноябрь ойи давомида иккиламчи уй-жой нархи 0,4 фоизга ошди. Пойтахтда нархларнинг энг юқори ўсиш суръатлари Шайхонтоҳур – 1,7 фоиз, Юнусобод – 1,6 фоиз ва Сергели – 1,5 фоиз туманларида кузатилди.
Йил давомида пойтахтда иккиламчи уй-жойларнинг ўртача нархи 22,8 фоизга ошди.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Ўзбекистондаги кўчмас мулк бозорини кўриб чиқиш Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази тадқиқот йўналишларидан бири бўлиб, у бирламчи ва иккиламчи кўчмас мулкнинг бозорларидаги фаоллик динамикасини тақдим этади. Маълумотлар ҳисобот ойи учун ҳам, йил бошидан ҳисобот ойигача бўлган давр учун ҳам тақдим этилади. Бундан ташқари, бозор динамикасини кузатиш учун ўтган йилнинг шу даврига оид маълумотлар тақдим этилади.
Ш.Маматуропова, ЎзА