Тошкент метросида йўловчилар сони бўйича янги рекорд қайд этилди
Янги ўқув йилининг бошланиши Тошкент жамоат транспортида йўловчилар оқимининг сезиларли даражада ошишига сабаб бўлмоқда.
Жумладан, 14-сентябрь куни Тошкент метрополитенида йўловчи ташиш бўйича навбатдаги рекорд кўрсаткич қайд этилди. Шу куни метро хизматларидан жами 1 миллион 165 минг 550 нафар йўловчи фойдаланган.
Мазкур кўрсаткич бундан аввалги рекорд натижадан ҳам юқори. Хусусан, 2026 йил 8 май куни Тошкент метрополитенида 1 миллион 117 минг 61 нафар йўловчи ташилган эди.
Шундай қилиб, 14-сентябрь куни қайд этилган кўрсаткич аввалги рекорддан 48 минг 489 нафарга кўп бўлди.
Мутахассислар кузатув ва таҳлилларига кўра, пойтахт метросида йўловчилар оқимининг ўсиш тенденцияси келгусида ҳам давом этиши кутилмоқда. Хусусан, октябрь ойида метрополитендан бир суткада фойдаланадиган йўловчилар сони 1,2 миллион нафарга етиши прогноз қилинмоқда.
Янги ўқув йилининг бошланиши, шунингдек, олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар сонининг кундалик қатновга қўшилиши жамоат транспортига бўлган талабнинг янада ортишига хизмат қилмоқда.
Ҳамроз Баёнов,ЎзА