Тошкент метросида техник носозлик кузатилди
Жорий йил 4 июнь куни Тошкент метрополитенининг бир нечта йўналишларида электр таъминоти билан боғлиқ қисқа муддатли носозлик юзага келди. Бу шаҳар электр тармоқларидаги юқори кучланиш билан боғлиқ техник узилиш натижасида содир бўлган.
Ҳодиса оқибатида “Ўзбекистон”, “Чилонзор” ва “Юнусобод” йўналишларидаги айрим бекатлар ёритиш тизими ҳамда поездлар ҳаракатига таъсир кўрсатган. Бироқ, метрополитен хизматлари томонидан вазият тезкорлик билан назоратга олиниб, фавқулодда ҳолатлар учун мўлжалланган захира энергия манбалари ишга туширилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, хавфсизлик биринчи ўринга қўйилган бўлиб, поездлар ҳаракати доимий назорат остида амалга оширилмоқда. Электр таъминотини тўлиқ барқарорлаштириш устида иш олиб бормоқда.
Айни пайтда метро фаолияти тўхтатилмаган, йўловчиларга хизмат кўрсатиш давом этмоқда.
Тошкент метрополитенида вазият назорат остида бўлиб, мутахассислар тизимнинг барқарор ишлашини таъминлаш чораларини кўрмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА