Стратегик мулоқот ва амалий натижалар
Тажриба ва муваффақият ҳамкорлик орқали келади. Айниқса, халқаро ҳамкорликлар барча соҳалар учун тараққиётнинг энг муҳим омилидир.
Айнан шу мақсадда, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти делегацияси Корея Республикасига хизмат сафарини амалга оширди. Ташриф доирасида олий таълим, фан ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қатор муҳим учрашув ва музокаралар ўтказилди.
Ташриф дастуридан ўрин олган “Ўзбек–Корея экспертлар форуми”да мамлакатимизда олий таълим, илм-фан ва инновацион ривожланиш йўналишларида амалга оширилаётган ислоҳотлар тақдимот қилинди ҳамда ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Шунингдек, Жанубий Корея Таълим вазирлиги вакиллари билан ўтказилган учрашувда талабалар алмашинуви, қўшма кафедралар ташкил этиш, шаҳарсозлик, муҳандислик ва сунъий интеллект йўналишларида халқаро дастурлар асосида кадрлар тайёрлаш масалалари кўриб чиқилди. Томонлар ушбу йўналишларда ҳамкорлик меморандумини ишлаб чиқиш ва уни вазирлар даражасида имзолаш бўйича келишувга эришди.
Масалан, Сежонг университети билан музокараларда ўзбекистонлик талабалар ушбу олийгоҳдаги хорижий талабалар орасида энг катта улушни ташкил этаётгани қайд этилди. 2026–2027 йилларда ёш олимлар учун сунъий интеллект ва шаҳарсозлик йўналишларида қисқа муддатли илмий стажировкаларни йўлга қўйиш бўйича келишиб олинди.

Қайд этиш керакки, мазкур ташриф Ўзбекистон ва Корея ўртасида олий таълим, фан ва инновациялар соҳасидаги шерикликни янада мустаҳкамлаш, янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда академик ҳамкорлик кўламини кенгайтириш йўлида муҳим қадам бўлди.
Шербек Исломов, ЎзА