Тошкент ИИББ: Энг яхши ёш китобхон аниқланди
Ички ишлар органларида хизмат қилаётган ёш ходимларнинг касбий, жисмоний ва жанговар тайёргарлиги билан бир қаторда, маънавий-маърифий дунёқарашини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тошкент шаҳар ички ишлар органларида хизмат қилаётган ёш ходимлар ўртасида ўтказилган «Энг яхши китобхон» кўрик-танлови шу мақсадга қаратилган.
Танловда соҳага оид илмий, тарихий, бадиий ва оммабоп йўналишлардаги адабиётлардан олинган парчалар орқали асар номини топиш ва унинг ғояси, аҳамияти, бугунги кун билан боғлиқлигини оғзаки шарҳлаш; тезкор савол-жавоб – соҳага оид ўзбек ва жаҳон адабиётининг энг сара асарларидан тузилган саволларга жавоб топиш; буюк мутафаккир ва адибларнинг ҳаёти, ижоди, асарлари ҳақида маълумот бериш – монитор орқали рақам танлаб, унинг ортида сурати берилган адиб ва ёзувчининг ким эканини топиш каби шартлар бажарилди.

Хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариш билан бирга, маънавий-маърифий савиясини оширишга вақт топиб, ўз билим ва дунёқарашини кенгайтириб келаётган ходимларнинг ғайрат-шижоати, билимга бўлган чанқоқлиги ҳакамлар томонидан муносиб эътироф этилиб, энг яхши ёш билимдонлар аниқлаб олинди.
Ғолибларга ИИББ раҳбариятининг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА