Тошкент Декларацияси қабул қилинди
Коррупция — чегара билмас «аждаҳо», у алдамчилик, порахўрлик ва пулни «ювиш»нинг аниқ «чизма» (схема)ларидан ташкил топган. Ҳозирда бутун дунёда унга қарши янги механизм чоралари қидирилмоқда. Аксар давлатлар коррупцияга қарши курашишда стратегик комплекс ҳужжатларни қабул қилиш ва ундаги вазифаларни тизимли татбиқ этиш орқали сезиларли ижобий натижага эришмоқда.
Пойтахтимизда бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Коррупцияга қарши курашиш идоралари раҳбарлари ва Омбудсманларининг 4-йиғилишида давлатлар ўртасида коррупцияга қарши курашиш сиёсатини амалга оширишда минтақавий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Тадбирнинг якунида Тошкент Декларацияси қабул қилинди.
Шереф Малкоч, Туркия Бош Омбудсманди:
– Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Коррупцияга қарши курашиш идоралари раҳбарлари ва Омбудсманларининг 4-йиғилишига Ўзбекистон мезбонлик қилмоқда. Бундан олдинги учрашув 2017 йилда бўлиб ўтган эди. Хабарингиз бор, пандемия туфайли анчадан буён дунё миқёсида бу каби йирик учрашувлар, йиғилишлар бўлмаётган эди. Ўзбекистонда тадбирга жуда юқори даражада тайёргарлик кўрилганига гувоҳ бўлдик. Кун тартибидан ҳам жуда муҳим масалалар жой олган.
Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Т. Норбоева йиғилишда нутқ сўзлаб, юртингиз қонунчилигида коррупцияга қарши кураш борасида киритилаётган ўзгаришлар ва янгиликлар ҳақида батафсил сўзлаб берди. Юртингизда амалга оширилаётган бу каби сезиларли ривожланишдан хурсанд бўлдик, албатта.

Аслида ҳам коррупция жамиятда адолатсизлик, тенгсизлик ва аҳолининг норозилигига олиб келади, бу эса барча соҳадаги ислоҳотларнинг натижасига салбий таъсир қилади, давлатнинг тараққиётига тўсиқ бўлади. Ўйлаб кўрилса, Ислом давлатларининг бу борада муштарак муаммолари бор. Агарда биз коррупцияга ва камбағалликка барҳам бера олсак, давлатларнинг тараққий этишида ижобий таъсирга эга бўламиз.
Марат Аҳмеджанов, Қозоғистон Республикаси Коррупцияга қарши кураш агентлиги раҳбари:
– Учрашувда биз тажриба алмашдик, ўзимиз учун муҳим бўлган саволларга жавоблар олдик. Ўнга яқин аъзо давлатлар бир-биримиз билан дастурлар алишдик. Шу ўринда айтишим керакки, Қозоғистонда коррупцияга қарши кураш МҲД орасидан энг биринчи бўлиб, 1990 йилларда бошлаган, бу борада қонун қабул қилинган эди.
Шундан буён биз халқаро тажрибаларни ўрганиб, амалиётга жорий этиб келмоқдамиз. Ҳозирда бизда учлик моделига ўтилган. Унда ҳар бир ташкилот аҳолини ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ўз вазифасига эга.
Коррупция — тамаъгирликнинг юқори нуқтаси. Унга қарши курашиш учун амалдорлардан сиёсий ирода талаб қилинади. Ушбу вазиятдан чиқиш усули шуки, аввало, давлат бюрократик аппарати ҳажми имкон қадар камайиши, фуқароларнинг шахсий ҳаётига ва иқтисодий фаолиятига давлатнинг минимал аралашуви, монополияга барҳам берилиши лозим.
Бугунги учрашувда Ўзбекистон ва Тожикистон вакиллари билан ҳамкорлик меморандуми туздик. Туркия ва Озарбайжон давлатлари вакиллари билан эса музокаралар ўтказдик. Шу ўрнида айтиш керакки, айни вақтда Ўзбекистон билан маҳбусларни алмаштириш борасидаги масалани муҳокама қилаяпмиз. Қозоғистонда 500 ортиқ ўзбекистонлик маҳбус бор, уларни алмаштириш борасида ҳозирча бирорта ҳужжат йўқ. Агарда бу борада келишувга эришсак, ҳар икки давлат учун яхши бўларди. Айни вақтда биз 6-8 давлат билан маҳбусларни алмашиш борасида икки томонлама ҳамкорликка эгамиз.
Қайд этиш керакки, юртимизда коррупцияга қарши курашишни жиддий сиёсий қадамлари сифатида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Коррупцияга қарши курашиш идоралари раҳбарлари ва Омбудсманларининг 4-йиғилиши алоҳида аҳамият касб этади. Чунки, бу юртимизда амалга оширилаётган бу бордаги ислоҳотларнинг халқаро даражадаги эътирофи деб айтиш мумкин.
Сайёра Шоева, Ёқуб Мелибоев, ЎзА