Тошбосма асарлар каталоги нашр этилди
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи қўлёзмалар фондида ҳам кўплаб ноёб қўлёзма ва тошбосма (литографик) асарлар сақланади.
Янги китоб
Дунё хазиналарини тўлдириб турган минг-минглаб қадимги ёзма ёдгорликлар ҳар бир халқнинг ўтмиш маданиятини ўзида акс эттиради. Уларда халқнинг бой маънавий ва маданий мероси, урф-одати, эътиқоди билан боғлиқ кўплаб маълумотлар жамланган. Ота-боболаримиз қолдирган бой маданий меросни ўрганиш, уни келажак авлодларга етказиш олимлар олдидаги муҳим масала бўлиб қолмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 24 майдаги «Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан ёзма ёдгорликларимизни ўрганишнинг янги босқичи шаклланмоқда. Қарорда белгиланганидек, Ўзбекистон Республикасининг турли ташкилотларида сақланаётган араб ёзувидаги қўлёзма асарлар, тошбосма китоблар ва тарихий ҳужжатларнинг сақланиш ва таъмирланиш ҳолатини мониторинг қилиш ва уларнинг электрон базасини яратиш бугунги куннинг долзарб вазифалари сирасига киради.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи қўлёзмалар фондида ҳам кўплаб ноёб қўлёзма ва тошбосма (литографик) асарлар сақланади.
Музей ходимлари томонидан «Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейида сақланаётган тошбосма асарларнинг электрон каталогини яратиш ва нашрга тайёрлаш» номли амалий лойиҳа доирасида мингга яқин тошбосма асарлар устида изланишлар олиб борилди. Улар турли мавзуларга оид асарлар бўлиб, тили ва мавзуси бўйича тенг миқдорда саралаб олинди.
Профессор С.Ҳасанов ва филология фанлари доктори Ш.Ҳасанова раҳбарлигидаги олимлар гуруҳининг уч йиллик изланишлари натижасида араб, форс, туркий тилдаги тошбосма асарларнинг каталоги нашрга тайёрланди ва «Фан» нашриёти томонидан чоп этилди.
Каталогдан музей қўлёзмалари фондида сақланаётган 500 та тошбосма асарнинг илмий тавсифи ўрин олган. Араб, форс, туркий тилдаги асарлар асосан адабиёт, тарих, тилшунослик, тиббиёт, тафсир ва ҳадис илми, мантиқ ва калом илми, ақоид, фиқҳ, наҳв ва сарф илмлари ва бошқа соҳаларга тааллуқли.
Каталог адабиётшунос, шарқшунос, манбашунос, матншунос мутахассислар ҳамда ватанимиз қўлёзма фондларида сақланаётган ёзма ёдгорликлар билан қизиқувчилар учун мўлжалланган.