Тўрт нафар маҳкума жазодан озод этилди
Кўкламнинг илк байрами – Халқаро хотин-қизлар байрами шукуҳи давом этаётган шу кунларда Андижон вилояти Марҳамат туманида ўтказилган сайёр суд мажлисида бир гуруҳ шахслар белгиланган жазодан шартли равишда озод этилди.
Жиноят ишлари бўйича Марҳамат тумани суди судьяси Зарифжон Раҳимов раислигида Узумзор маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган сайёр суд мажлисида пробация бўлимида жазо ўтаётган ва хатоларидан хулоса чиқариб, тўғри йўлни танлашга аҳд қилган тўрт нафар аёлга хотин-қизлар байрами муносабати билан енгиллик берилди.
Маҳкумалар Н.Х., Р.К., М.Қ. ва О.С. жазони ўташ давомида белгиланган тартиб-интизомга қатъий риоя этиб келаётгани учун жазодан шартли равишда озод этилди. Улар аёлларга эътибор, қонунларимиздаги кечиримлилик ва инсонпарварлик тамойили асосида белгиланган жазодан муддатидан аввал озод этилганликлари учун миннатдорлик изҳор этди.
Сайёр суд доирасида фаоллар, аҳоли вакиллари иштирокида фуқароларнинг ҳуқуқий билим ва маданиятини оширишга қаратилган учрашув ташкил этилди. Қатнашчиларни қизиқтирган саволларга тушунтиришлар берилди.
Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА