Топганларим - Йўқотганларим
Хотира –муқаддас, қадр – азиз!
Расмда унгдан чапга: Отам Тожикузи Рахимов ва акам Исмоилжон Рахимов (мархумлар) хамда камина Абдуманноб Рахимов
Халқимизда азалдан бир эзгу удум бор: қачон, қаерда бўлмайлик, дуога қўл очарканмиз, Яратгандан аввало тинчлик, осойишталик сўраймиз. Бу бежиз эмас. Зеро, ўзбек халқи учун тинчлик энг олий саодат, яшаш ва яратишнинг бош шартидир.
Давлатимиз раҳбари томонидан юритилаётган тинчликпарвар сиёсат ҳам айнан мана шу миллий қадриятларимизга, аждодлар меросига таянади. Бугун Марказий Осиёдаги қардош давлатлар ўртасидаги самимият ва стратегик ҳамкорликнинг янги даври бошланишида ҳам ана шу азалий ғоя мужассам.
Маълумки, мамлакатимизда 9 май - Хотира ва Қадрлаш куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланади. Бу кун Иккинчи жаҳон урушининг оловли жанггоҳларида ҳалок бўлган ота-боболаримиз ёд этиладиган, орамиздаги фахрийларимиз эъзозланадиган муқаддас сана. Тарих саҳифаларига назар солсак, уруш йилларида Ўзбекистондан 1 950 700 нафар юртдошимиз фронтга сафарбар этилганини кўрамиз. Улардан 896 366 нафари қаҳрамонларча ҳалок бўлган, 1 054 298 нафари тирик қайтган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, ўзбек ўғлонлари фашизм устидан қозонилган ғалабага беқиёс ҳисса қўшиб, 200 минг нафардан ортиқ аскар ва офицеримиз жанговар орден ва медаллар билан тақдирланган, уларнинг 301 нафари Қаҳрамон унвонига сазовор бўлган. Бу рақамлар халқимиз жасоратининг ёрқин тимсолидир.
Шундай улуғ айём арафасида марҳум отам Қўзибой (қишлоғимизда Тожиқўзи бува) Раҳимовни соғинч билан хотирлайман. У киши ҳам урушнинг суронли машаққатларини бошидан кечирган, зафар қозониб қайтган заҳматкаш инсонлардан бири эдилар.
Отам 1943 йилдаёқ жасорати учун III даражали “Шуҳрат” (“Слава”) орденига лойиқ кўрилган бўлса-да, тақдир тақозоси билан бу мукофот у кишига орадан 31 йил ўтиб, 1974 йилда топширилган. Ўшанда Балиқчи тумани ҳарбий комиссариатида бўлиб ўтган тантанали маросим, яқинларимиз ва қўни-қўшниларнинг қувончи ҳалигача кўз ўнгимда. Ўша йили отамга Иккинчи гуруҳ ногирони сифатида навбатсиз «Запорожец» автомашинасини сотиб олиш ҳуқуқи берилгани ҳам оиламиз учун катта воқеа бўлган эди. Ўша вақтларда урушнинг биринчи гуруҳ ногиронларига бундай автомашиналар давлат ҳисобидан бепул берилган.
Ҳар йили байрам арафасида қиблагоҳим - отам ҳақидаги хотираларимни қоғозга туширишга ҳаракат қиламан. Бундан мақсадим отамнинг порлоқ руҳига ҳурмат бажо келтириш, фарзандларим ва набираларимга, қолаверса ёш авлодга у кишининг асил инсоний фазилатларини ўрнак қилиб кўрсатишдир.
Бу гал отам ва у кишининг қадрдони, қўшнимиз Тўхлибой буванинг Сирдарё сафари билан боғлиқ бир ибратли ва кулгили воқеани эсламоқчиман. Бу воқеа бугунги кунда “анқо уруғи”га айланиб бораётган чин меҳр-оқибат ва беғубор дўстлик ҳақида.
Тўхлибой бува менимча дадамдан 4-5 ёш катта эди. У киши ҳам уруш қатнашчиси бўлган.
Демак воқеа шундай бўлган эди.
Дадам урушда уч жойидан ярадор бўлган. Душманнинг бир ўқи чап қўлига, иккитаси ўнг оёғига теккан. Йиллар ўтиб, ўқлар асоратида дадамнинг оёғи мунтазам оғрийдиган бўлиб қолган. Шу боис ҳар йили Намангандаги «Чортоқ» сиҳатгоҳида даволанардилар. Бир гал санаторийда сирдарёлик Воҳид ака исмли самимий, одамшаванда инсон билан танишиб қоладилар. Даволаниш тугагач, дадам Воҳид акани уйимизга - Балиқчига таклиф қиладилар. Ўша вақтларда меҳмон келса, бутун маҳалла тўпланар, тонггача аския, гурунг авжига чиқарди. Сирдарёлик меҳмонимиз ҳам сўзга уста, дилкаш инсон экан. Меҳмондорчилик тугагач, қўшниларимиз Воҳида ака билан минг йиллик қадрдонлардек қучоқлашиб хайрлашдилар.
Эртасига, дадам билан меҳмонларни Шаҳрихонга олиб бордик. Меҳмонлар тўй қилиш арафасида бўлса керак Шаҳрихон бозоридан бир қанча тўн ва дўппи, яна нималардир харид қилишди. Кейин уларни Бўз (ҳозирги Бўстон) туманигача кузатиб бордик.
Орадан бир йил ўтиб, Воҳид ака фарзандлари билан бизникига меҳмон бўлиб келди. У шундай одам эди. Бир йилда бир маротаба бутун республика бўйлаб ўзига яқин бўлган дўстларини йўқлар экан. Дўстларга бўлган меҳрни қаранг. Меҳмонлар келганини эшитиб, таклифни кутиб ўтирмасдан қўшниларимизнинг ўзлари чиқишди. Дийдорлашув, хурсандчилик, кулгу ва аския тонггача давом этди. Эртаси куни қўшнимиз Тўхлибой буванинг нонушта дастурхонидан сўнг меҳмонлар Наманган ва Қўқонга боришларини, у ердаги қадрдон дўстларни йўқлаб, ундан Ленинобод (Хўжанд)га ўтишларини айтдилар. Кетар чоғи улар дадам билан Тўхлибой буванинг Сирдарёга меҳмон бўлиб бориш ваъдаларини олишди.
Орадан бир йил ўтиб, ёз кунларида отам ва Тўхлибой бува Воҳид акани йўқлаб Сирдарёга йўл олдилар. Ўшанда, бир кунда қайтиб келишни режа қилган қўшнилар Сирдарёда нақд бир ҳафта қолиб кетишган эди. Дадамни айтишига қараганда Воҳид ака аввал Дадам билан Тўхлибой бувани Тожикистоннинг Ўратепасига - ота юртига меҳмондорчиликка олиб борибди. Кейин эса Самарқанд зиёрати. Хуллас, икки қўшни бир ҳафта деганда уйга қайтишган. Раҳматли дадам вақти келганда сизларни ҳам Сирдарёга олиб бораман деган эди, бу ҳақда кейинроқ ҳикоя қиларман.
Сафардан кейин дадамни йўқлаб Абдулмуҳаммад амаким, Каромат аммам, қўшнилар бизникига тўпланишди. Яна дастурхон ёзилди, сафар таассуротлари айтилди, ўтган-кетганлар эсланди.
Ўшанда дадам бизга вокзалда содир бўлган бир қизиқ воқеани айтиб бериб, ҳаммамизни кулдиргандилар. Энди ўша кунларни мириқиб эмас, балки, соғинч билан қандайдир хўрсиниб эслайман.
Хуллас бўлган воқеани дадамнинг тилидан эшитинг:
“Тонг саҳар Сирдарё вокзалига етиб бордик. Тўхлибой ака, жуда эрта келдик. Тонг саҳарлаб Воҳид акани безовта қилмайлик. Шаҳарликлар одатда кеч уйғонади. Яхшиси вокзалда қолиб бироз дам олайлик. Тонг отгандан кейин унинг уйини сўраб топамиз, дедим. Шунга келишиб, вокзалда бироз мизғиб олмоқчи бўлдик. Энди кўзимиз илинган эди, Тўхлибой ака мени туртиб уйғотди:
- Тожиқўзи, тур, хуррагинг билан ухлатмаяпсан, ёнбошлаб ёт! – деб дашном берди.
Бироз ўтиб, Тўхлибой ака яна дағдаға қилди:
- Яна хуррак отаяпсан, бутун вокзални бошингга кўтардинг-ку!
Шунда жаҳлим чиқиб, нарироқдаги скамейкада пишиллаб ухлаб ётган бир рус кишини кўрсатдим-да:
- Тўхлибой ака, қўлни беринг! Мана шу хуррагимни шу ўрисга сотдим, бор-барака! - дедим. Тўхлибой ака ҳам “Бор-барака!” деб қўлимни қисди.
Эрталаб уйғонсам, Тўхлибой ака мунғайиб ўтирибди. “Нимага ухламадингиз?” десам, хафа бўлиб дейди:
- Эҳ, нимасини айтасан... Сен хуррагингни бояги русга сотиб, мазза қилиб ухладинг. Мен ҳам энди кўзим илинди десам, ҳалиги рус хуррак отишни бошлади! Тонг отгунча сенинг “сотилган” хуррагингга чидаб чиқдим...”
Ҳар сафар дадам ҳақидаги бундай ширин хотираларни эслаганимда, маънан рағбатланаман. Баъзан Тошкентнинг шиддатли ҳаётида топганларим ва йўқотганларимни тарозига соламан. Йўқотганларим “тарози палласи”ни босиб кетганда, айнан мана шундай меҳрли хотиралар қалбимга таскин беради.
Яратганга шукурлар бўлсин, бизни иймон-эътиқодда, қўшнининг ҳаққини улуғлаш ва одамларга яхшилик қилиш руҳида тарбиялаган отам Тожиқўзи бува ва онам Кароматхонлардан бир умр миннатдорман. Ҳаётнинг асл мазмуни ҳам мана шундай ширин хотиралар билан тирик экан.
Дадамнинг паспортида туғилган йили “1926 йил” деб кўрсатилган. Бироқ, туғилган кун санаси аниқ ёзилмаган. Менимча, ўша даврларда содда одамлар туғилган кун санасини аниқ эслаб қолишмаган. Агар ҳозир ҳам ёши улуғлардан фалончи фарзандингиз қачон туғилган деб сўрасангиз, - 30 йилнинг эрта баҳорида ёки ўрик пишганда, деб жавоб беришади.
Шунинг учун биз ҳам Дадамнинг туғилган кунини ғалаба кунига мос равишда 9-май деб белгилаб олган эдик. Ҳар йили уйидагилар билан 9 майни ҳам ғалаба байрами, ҳам Дадамнинг туғилган куни сифатида нишонлар эдик.
Вақтни ўтишини қаранг. Агар, Дадам ҳаёт бўлганларида бу йил – 100 ёшни қаршилаган бўлар эдилар.
Илоҳим, ўтганларимизнинг охиратлари обод бўлсин. Зеро, хотира - муқаддас, қадр - азиздир.
АБДУМАННОБ РАҲИМОВ,
юридик фанлари доктори