Томорқадан бозорга тамойили амалда
Бухоро вилояти Ромитан туманидаги “Ромитан” ҳудудида яшовчи аҳоли дала-деҳқончилик ишларида жуда фаол. “Атторон”, “Миришкор”, “Тарнаут”, “Боғча” ва “Ўба” маҳаллаларини бирлаштирган бу ҳудуд аҳолиси томорқа ердан унумли фойдаланиш ҳаддисини олган. Аҳоли эртанги картошка, сабзи, пиёз, помидор, булғор қалампири каби сабзавот маҳсулотларидан баракали ҳосил олди. Шу кунларда эса томорқаларда кеч кузга бориб йиғиб олинадиган тўқсонбости экинлари етиштирилмоқда.
Ҳудуднинг “Боғча” маҳалласида яшовчи кам таъминланган оилалар вакиллари Рашид Жўраев, Муниса Мўминова, Азиз Ботиров, Адолат Очилова, Азизбек Бақоевлар 2022 йилда “Е–auksion” савдоси орқали 10-15 сотихдан экин ер майдонига эга бўлди. Эндиликда улар деҳқон хўжаликлари сифатида экин-тикин ишларини олиб бормоқда. Эрта баҳорда ҳар бир деҳқон оиласига 25-30 килодан картошка уруғлиги “Ромитан агроинтер экспорт томорқа хизмати” МЧЖ томонидан етказиб берилган. Экин учун “оби ҳаёт” танқислигининг олдини олиш мақсадида артезиан қудуғи ўрнатилган.

Маҳаллий шароитда бир сотих экин еридан 300 килограмм атрофида картошка олиш мумкин. Бу бир оиланинг “иккинчи нон”га бўлган талабини бир неча ойга қондириши мумкин. Худди шундай, ҳозирда 647 та аҳоли томорқасига эга “Ўтабек” маҳалласида ҳам 72 гектардан зиёд ерда сабзавот, полиз маҳсулотлари экилган. Чунончи, такрорий экин даврида 8 гектардан ортиқ майдонда картошка, 4 гектарга яқин пиёз, қарийб 5 гектарда сабзи, 2 гектар ерда карам, жами 2 гектардан зиёд ош лавлаги ва булғор қалампири, қарийб 2 гектарда мош ва ловия, деярли 4 гектарда саримсоқпиёз, шивит, кашнич, редиска, ровоч каби кўкат, қолаверса, 1,5 гектарда ошқовоқ экиб парваришланмоқда.
Албатта, миришкор томорқачилар орасида турли касб-кор эгалари ҳам бор.
– Маҳалламизда 610 та хонадон бўлиб, жами 3 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади, –дейди ҳокимнинг “Ўба” маҳалласидаги ёрдамчиси Азамат Исматов. – Бу оилаларнинг барчаси ўз томорқа ерига эга. Ҳудудда кейинги йилларда ижтимоий муҳофазага олинган 741 нафар фуқарога 71 гектардан зиёд ер майдони шартли аукцион савдоси орқали 10 сотихдан 30 сотихгача ҳажмда тарқатилди. Эрта баҳордан кеч кузгача 712 тонна атрофида сабзавот-полиз маҳсулоти етиштириш мақсад қилинган. Бундан ташқари, фермер хўжаликларининг ғалладан бўшаган экин ери билан қўшиб ҳисоблаганда, жорий мавсумда ўбаликлар 110 гектардан зиёд ерда такрорий сабзавот-полиз, дуккакли ва мойли экинлар экиб етиштирмоқда. Шу кунларда эса маҳаллада жами 15 гектар ерда тўқсонбости усулида саримсоқ пиёз, кўк пиёз, сабзи, шолғом, карам ва кўкат экилган.

Албатта, деҳқончилик маданияти билан бирга ҳудудда чорвачилик тармоғи ҳам ривожланмоқда. Шу боис, қишлоқ одамлари томорқа ери ҳамда деҳқон хўжаликлари экин ерининг бир қисмида чорва озуқаси учун маккажўхори, арпа, тариқ, ўт беда ва бошқа юқори калорияли маҳсулотлар экиб етиштиради.
Маълумот учун, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Ромитан тумани кенгаши маълумотларига кўра, томорқа ер эгалари томонидан жорий йил эрта баҳоридан рўзғор учун талаб ва эҳтиёж юқори бўлган, таъбир жоиз бўлса, “иккинчи нон” дея таърифланадиган картошка маҳсулоти 120 гектардан зиёд ерда экилган. 4 минг 452 тонна ҳосил олинган. Шунингдек, қарийб 600 тонна қовун, 425 тонна тарвуз, 6 минг 714 тонна пиёз, 3 минг 357 тонна саримсоқ, 255 тонна кашнич, 155 тонна редиска, 205 тонна шивит ва бошқа кўкатлар, 110 тонна гулкарам, 732 тонна карам етиштирилган.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг аксарияти маҳаллий бозор ва савдо расталари орқали аҳолига сотилган. Бу ўз навбатида аҳоли турмуш фаровонлиги, дастурхон ва бозор тўкинлигини янада оширишга хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири