Томорқа — фаровонлик манбаи
Боёвут тумани Янгибўстон маҳалласида яшовчи Сулаймоновлар оиласи томорқадан самарали фойдаланиб, оила даромадини ошириш ва турмуш фаровонлигини таъминлашга эришмоқда. Хонадон соҳибаси Меҳринисо Сулаймонова ва келини Азиза Сулаймонованинг меҳнати натижасида кичик ер майдони барқарор даромад манбаига айланган.
Мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ва оилалар даромадини ошириш мақсадида томорқачиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз томонидан ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиш, аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича берилган топшириқлар жойларда ўз самарасини бермоқда. Сулаймоновлар оиласи фаолияти ана шу эзгу саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодасидир.
Хонадоннинг 4 сотихли иссиқхонасида февраль ойидан буён помидор, бодринг, болгар қалампири, саримсоқ пиёз ва турли кўкатлар парваришланмоқда. Етиштирилган маҳсулотлар маҳалла аҳолисига етказиб берилиб, оила даромадини оширишга хизмат қилмоқда. Шунингдек, 8 сотих майдонда етиштирилган картошкадан ҳам ўтган йилга нисбатан мўлроқ ҳосил олинди. Бу эса оиланинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш билан бирга, оила бюджетга қўшимча маблағ киритиш имконини бермоқда.

— Томорқа биз учун нафақат даромад манбаи, балки оиламиз тирикчилиги, меҳнатимиз самараси ва келажагимизга қўйилаётган ишончли сармоядир. Ерга ҳар қанча меҳр берсанг, у у ҳам сени шунча сийлайди, — дейди хонадон соҳибаси Меҳринисо Сулаймонова.
Меҳринисо опа, келини Азиза Сулаймонова томорқачилик билан бирга пиллачилик билан ҳам шуғулланади. Бу эса оиланинг даромад манбаларини янада кенгайтириб, иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Бугун мазкур хонадонда меҳнат маданияти, тадбиркорликка интилиш ва ердан унумли фойдаланиш тажрибаси ёшлар учун ҳам ибрат мактабига айланган.
Мутахассислар таъкидлашича, томорқачилик аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадларни ошириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашнинг энг самарали воситаларидан бири ҳисобланади. Айниқса, кичик майдонларда иссиқхона ташкил этиш, такрорий экинлар экиш ва интенсив усулларни қўллаш орқали юқори иқтисодий самарага эришиш мумкин.

Янгибўстон маҳалласида Сулаймоновлар сингари меҳнаткаш оилалар сони ортиб бораётгани эса томорқачиликни ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларнинг амалий натижасини кўрсатмоқда. Зеро, томорқа — бу шунчаки ер майдони эмас, балки оила фаровонлиги, барака ва келажакка ишонч манбаидир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири