205 тонна ун биржага чиқмай экспорт қилингани аниқланди
Сурхондарё вилоятида биржа савдолари орқали сотилиши лозим бўлган 205 тонна ун маҳсулотини белгиланган тартибга риоя қилмасдан сотган корхонага нисбатан тегишли чоралар кўрилди.
Рақобат қўмитаси маълумотига кўра, ҳудудий бошқарма томонидан ўтказилган ўрганишларда “DENOV OLTIN DON” МЧЖ 2025 йил октябридан 2026 йил 31 мартга қадар Жамғарма ҳисобидан биржа савдолари орқали харид қилинган 273 тонна буғдойдан ишлаб чиқарилиши лозим бўлган 205 тонна ун маҳсулотини биржага чиқармасдан сотгани аниқланган.
Текширув давомида мазкур маҳсулот тўғридан-тўғри экспорт шартномаси асосида сотилган бўлиб, битимлар умумий қиймати 634 миллион сўмдан ошгани маълум бўлди.
Қонунчиликка мувофиқ, юқори ликвидли ва монополь турдаги маҳсулотлар белгиланган тартибда биржа савдолари орқали сотилиши шарт. Бундай маҳсулотларни биржа савдоларига қўймасдан тўғридан-тўғри шартномалар асосида реализация қилиш тақиқланган.
Аниқланган ҳолат юзасидан Рақобат қўмитасининг Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси махсус комиссияси томонидан иш қўзғатилиб, корхонага нисбатан белгиланган тартибда таъсир чоралари қўлланилди. Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ҳамда келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича мажбурий кўрсатма берилди.
Н. Раҳмонова, ЎзА