Томчилатиб суғориш усулининг афзалликлари кўп
Иқлим ўзгариши тобора кучайиб, сув ресурсларига бўлган босим ортиб бораётган бугунги кунда қишлоқ хўжалигида сувдан оқилона ва самарали фойдаланиш ҳаётий заруратга айланди. Аграр соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар сув тежовчи технологияларни жорий этиш орқали нафақат мавжуд ресурсларни асраш, балки ер унумдорлиги ва ҳосилдорликни оширишга ҳам хизмат қилмоқда. Энг муҳими, бу жараён замонавий агротехнологияларни ишлаб чиқаришга кенг татбиқ этаётган илғор корхоналар тажрибаси билан янада мустаҳкамланмоқда.
Бу борада BMB Holding томонидан амалга оширилаётган ишлар алоҳида эътиборга лойиқ. Компания Жиззах вилоятининг қатор туманларида ер унумдорлигини ошириш, барқарор ҳосилдорликни таъминлаш ҳамда сув ресурсларидан тежамкорлик билан фойдаланишга қаратилган инновацион агротехнологияларни кенг жорий этмоқда. Бундай ёндашув нафақат табиий бойликларни асраб-авайлаш, балки қишлоқ хўжалигида замонавий иш юритиш маданиятини қарор топтиришга ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.
Хўжаликнинг аксарият майдонларида Польша илмий лабораторияларида яратилган AgroNanoGel® Basic гидрогели қўлланилаётган бўлса, айрим лалми ҳудудларда томчилатиб суғориш тизими йўлга қўйилган. Бу технология экинларни зарур миқдордаги сув билан узлуксиз таъминлаш, ҳар бир томчи сувдан оқилона фойдаланиш ҳамда намликни узоқ муддат сақлаш имконини бериши билан аҳамиятлидир.

Томчилатиб суғориш усулининг асосий афзаллиги шундаки, сув бевосита ўсимлик илдизига етказилади. Бу эса сув сарфини сезиларли даражада камайтириш, намликдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, экинларнинг барқарор ўсиши учун қулай муҳит яратиш ва юқори ҳосилдорликка эришиш имконини беради. Шу билан бирга, меҳнат ҳамда энергия ресурслари тежалади, ишлаб чиқариш харажатлари қисқаради ва деҳқончиликнинг иқтисодий самарадорлиги янада ортади.
Мамлакатимизда сув тежовчи технологияларни кенг оммалаштириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгилангани бу соҳадаги ислоҳотларга янги суръат бағишламоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 февралда қабул қилинган “Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва сувдан фойдаланиш самарадорлигини янада оширишга қаратилган аниқ вазифалар белгилаб берилган.

BMB Holdingда амалга оширилаётган ишлар мазкур қарорда белгиланган вазифаларнинг амалдаги ифодаси сифатида эътиборга молик. Корхонада жорий этилаётган инновацион агротехнологиялар ресурс тежовчи ёндашувлар қишлоқ хўжалигида юксак самара бераётганини яққол намоён этмоқда. Бу эса илғор технологиялар ва оқилона бошқарув ечимлари орқали аграр тармоқнинг барқарор ривожланишини таъминлаш мумкинлигини яна бир бор тасдиқлайди.
Сувни тежаш бугунги кунда фақат иқтисодий манфаат ёки ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш воситаси эмас. У келажак авлодлар олдидаги юксак масъулият, табиатга эҳтиром ва мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг муҳим шартидир. Шу маънода BMB Holding томонидан жорий этилаётган томчилатиб суғориш тизими ҳамда инновацион агротехнологиялар ҳар бир томчи сувнинг қадрини ошириш, ҳосилдорликни юксалтириш, табиий ресурсларни асраб-авайлаш ва рақобатбардош қишлоқ хўжалигини шакллантириш йўлидаги амалий саъй-ҳаракатларнинг ёрқин намунаси сифатида аҳамият касб этмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири